АҚШ Украинадан Россия билан музокара ўтказишни сўрамоқда

Олам 21376
image

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден маъмурияти Украина Президенти Владимир Зеленскийдан Россия билан музокараларга очиқлик кўрсатишни сўрамоқда. Бу ҳақда “Wаshington Post” газетаси хабар берди.

Манбага кўра, бу талаблар Украинани музокара столига суриш учун эмас, балки Америка ўзининг халқаро тарафдорлари назарида маънавий қадр-қимматни сақлаб қолишга қаратилган. 

Мақолада айтилишича, бундай чақириқлар Байден маъмуриятининг Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича позициясини амалга ошириш қанчалик қийин бўлганини кўрсатади. Чунки, АҚШ расмийлари Киевни қўллаб-қувватлашини очиқ эълон қилаётган эди. Аммо, АҚШнинг Ғарбдаги айрим шериклари очиқ гапирмаётган бўлса-да, Украина сабабли ўзининг иқтисодиётини қурбон қила олмайди. Буни Германия Бош вазири Олаф Шольцнинг Хитойга қилган мунозарали ташрифи ҳам кўрсатиб турибди.

Нашрнинг ёзишича, Вашингтон маъмурияти Россия Украина билан жиддий музокаралар ўтказишга тайёр эмас, деб ҳисоблайди. Бироқ, Зеленскийнинг музокаралардан бош тортгани туфайли Европа Лотин Америкаси ва Африкада ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кескин кўтарилиб кетди. Бундан келиб чиқадики, Президнет Владимир Зеленский музокаралар столига ўтиришга рози бўлиши ва охир-оқибат ён бериши мумкин. Аммо, Киев дипломатия эшиклари очиладиган қишгача босиб олинган ҳудудларининг кўпроқ қисмини қайтариб олиши керак.

Қайд этиш керакки, расмий Москва музокаралар столига ўтиришга очиқлигини доим таъкидлаб келади. Аммо, Президент Владимир Зеленский Владимир Путин билан муҳокама қилинадиган ҳеч нарса йўқлигини урғулайди. Зеленский Россиянинг Путиндан кейинги раҳбари билан гаплаши мумкинлигини айтади. Украина расмийлари Россия “референдум” орқали ўзига қўшиб олган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини қайтариб олишни истайди.

Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Украинага кўкмак бериш учун бир ўзи курашиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Америкада жорий йилнинг 8 ноябрида бўлиб ўтадиган Оралиқ сайловларидан кейин Республикачилар партияси Конгресснинг камида битта палатасида назоратни қўлга оладиган бўлса, АҚШнинг Украинага ёрдами камайиши мумкинлиги айтилганди. Шунингдек, “Wаshington Post” ва “Тhe New York Times” нашрлари Вашингтон Киевни Россияга қарши урушда музокаралар столига олиб келиш кераклиги ҳақида ёзганди.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 554
Рейтинг: 2.9
t
×