АҚШ Украинадан 350 млрд доллар олади – Трамп

Олам

image

Киев ва Вашингтон ўртасида имзоланган Украина минерал ресурслари бўйича келишув Қўшма Штатларга уч йилдан ортиқ вақт давомида ўзини Россия агрессиясидан ҳимоя қилиб келаётган мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаган миллиардлаб маблағни қоплашга ёрдам беради. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар ушбу ёрдам учун сарфланган 350 миллиард доллардан ҳам кўпроқ маблағ олади. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп 1 май куни эрталаб “News Nation”ахборот тармоғи орқали баёнот берди.

Телефон орқали студия модераторининг АҚШнинг Украинадаги мавжудлиги минтақада Владимир Путинни тўхтатиб қўйиши мумкинми, деган саволига жавоб берар экан, Трамп шундай деди:

“Бўлиши мумкин эди. Лекин мен буни қилганимнинг сабаби (Украина билан ресурс шартномасини имзолаш) биз 350 миллиард доллар ёки шунга яқинроқ маблағ сарфладик, Европа эса 100 миллиард доллар берди. Кўрганингиздек, улар пул қарзга беришди. (АҚШ собиқ президенти Жо) Байден эса уларга 350 миллиард доллар, нақд пул ва ҳарбий техника топширди. Европа пулини қайтариб оларди, гарчи бу анча кичикроқ бўлса-да, биз эса ҳеч нарса олмаймиз, шунинг учун мен уларга (украиналикларга) бориб: “Мана, биз ноёб ер металларини оламиз”, дедим.

Улар ажойиб ноёб ер металларига эга. Мен маълум минералларни, материалларни назарда тутяпман. Уларда бошқа кўплаб жойларда йўқ нарсалар бор, бу катта бойлик. Ва бугун биз 350 миллиард доллардан кўпроқ фойда келтирадиган келишувга эришдик”.

Трамп “У ерда ҳар ҳафта ўртача 5000 нафар ёш аскар ҳалок бўлаётгани учун Украинадаги урушни тугатишни хоҳлашини” қўшимча қилди: 

“Россияликлар ва украиналиклар. Улар америкалик эмас, лекин улар одамлар ва бу жуда ачинарли”.

Айни пайтда Британиянинг BBC медиа компанияси ўз ҳисоб-китобларига кўра, АҚШнинг Украинага ёрдам кўрсатиш учун сарфлаган умумий миқдори Дональд Трамп айтаётган 350 миллиард доллардан “анча кам” эканини таъкидлайди.

Маълумот учун, бугун, 1 майга ўтар кечаси АҚШ ва Украина узоқ давом этган музокаралардан сўнг уч йилдан кўпроқ вақт аввал Россиянинг агрессив ҳарбий босқинига учраган мамлакатни қайта тиклаш учун сармоя фонди яратишни кўзда тутувчи иқтисодий битимни имзолади. Ҳужжатни АҚШ Молия вазири Скотт Бессент ва Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари, мамлакат Иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко имзолади.

Битим матнининг ўзи ҳали эълон қилинмаган. Шу билан бирга, Украина Иқтисодиёт вазири Facebook'даги саҳифасида унинг асосий шартларини айтиб ўтди, шундан келиб чиқадики, жамғарма “50/50” тамойили бўйича тузилган, бу эса уни биргаликда бошқаришда Киев ва Вашингтоннинг тенг улушини билдиради.

“Томонларнинг ҳеч бири устун овозга эга бўлмайди ва бу Украина ва АҚШ ўртасидаги тенг ҳуқуқли шерикликни акс эттиради”, деди у.

Бундан ташқари, украиналик вазирнинг сўзларига кўра, имзоланган келишувда Украинанинг АҚШ олдидаги қарз мажбуриятлари ҳақида ҳеч қандай эслатма йўқ ва битимнинг амалга оширилиши ҳар икки давлатга “тенг ҳамкорлик ва сармоя ҳисобидан” ўз иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш имкониятини беради.

“Бизнинг ҳудудимиз ва сувларимиздаги барча ресурслар Украинага тегишли. Қаердан ва нимани қазиб олишни айнан Украина давлати белгилайди. Ерости бойликлари Украинанинг мулкида қолмоқда”, дейди у.

Свириденко Украина-Америка жамғармаси фаолиятининг дастлабки 10 йилида унинг даромадлари фақат янги лойиҳалар ёки Украинани қайта қуришга йўналтирилишини кутмоқда.

“Ушбу шартлар кейинроқ муҳокама қилинади”, дея аниқлик киритди вазир.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг