АҚШ учун энг йирик хавф бу АҚШнинг ўзидир — Хитой

Олам 3729
image

Америка Қўшма Штатлари Хитойни энг катта муаммо, деб билмаслиги керак, чунки АҚШ учун асосий хавф — бу уларнинг ўзи. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси вице-президенти Ван Цишань бугун, 9 июль куни айтиб ўтди.

“Қўшма Штатлар учун энг катта муаммо — бу Хитой эмас, балки АҚШнинг ўзи. Улар Америка билан Хитой ўртасидаги муносабатларни ўрнатиш стратегиясида нотўғри тушунчаларнинг шафқатсиз доираси пайдо бўлишига йўл қўймаслиги керак”, дея “Синьхуа” ахборот агентлиги АҚШнинг собиқ Давлат котиби Генри Киссинджернинг Хитойга ташриф буюрганига 50 йил тўлгани муносабати билан ўтказилаётган маросимда сўз чиққан вице-президентдан иқтибос келтирди.

Маълумот ўрнида, Генри Киссинджер — америкалик давлат арбоби, дипломат ва халқаро муносабатларда эксперт. У ўз вақтида АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ва АҚШ Давлат котиби бўлган. Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори ҳисобланган Генри ҳозир 98 ёшда. 

Ван Цишаннинг сўзларига кўра, Пекин ва Вашингтон тинч яшаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилишлари керак. 

“Хитой-АҚШ муносабатлари муҳим босқичда турибди. Биз келишмовчиликларни музокара орқали ҳал қилишимиз керак”, дейди у.

Қайд этиш керакки, айни вақтда АҚШ-Хитой муносабатлари ҳавас қиладиган даражада эмас. Ваҳоланки, Хитойнинг шу даражага чиқишида Қўшма Штатларнинг ўрни бор.

Икки ўртадаги алоқалар айниқса, АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп даврида ёмонлашди. Оқибатда 2018 йилга келиб икки ўртада “Совуқ уруш”га тенглаштирилган “Савдо уруши” бошланди. 

Бунга ўзаро савдодаги тафовут сабаб бўлди. Жумладан, 2017 йилги АҚШ-Хитойнинг ўзаро савдо айланмаси 710 миллиард долларга тенг бўлди. Бу, албатта, яхши кўрсаткич. Аммо, бунда Қўшма Штатларнинг улуши 187 миллиардни ташкил қилган ҳолда, Хитойникидан қарийб уч баробарга кам эди. Бундан норози бўлган расмий Вашингтоннинг ташаббуси билан икки томон бир-бирини санкциялар билан “сийлашни” бошлади. “Савдо уруши”дан, албатта, жаҳон хўжалигининг бошқа иштирокчилари ҳам зарар кўрди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 133
Рейтинг: 2.8
t
×