АҚШ Туркманистонни одам савдосига ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритди
Олам
−
25 Июнь
7465АҚШ Давлат департаменти Туркманистонни Россия, Беларусь, Шимолий Корея ва Сурия билан бир қаторда ҳукумати одам савдосини молиялаштирган 13 давлат рўйхатига киритди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен томонидан кеча, 24 июнь куни эълон қилинган 2024 йилги Одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботда сўз боради.
Давлат котиби Блинкен ҳисобот тақдимотида одам савдосида рақамли воситалардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди.
“Рақамли воситалар одам савдосининг қамрови, кўлами ва тезлигини оширди. Одам савдоси билан шуғулланадиганлар онлайн платформалардан фойдаланади. Улар аниқланмаслик учун шифрланган хабарлар ва рақамли валюталардан ишлатади”, дейди Блинкен.
Давлат котибининг таъкидлашича, онлайн воситалардан фойдаланиш одам савдоси билан шуғулланадиганларга ўз имкониятларини кенгайтириш имконини берган.
“Одам савдоси – бу ҳеч бир давлатнинг якка ўзи ҳал қила олмайдиган муаммо”, дейди Давлат котиби.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда дунё бўйлаб 27,6 миллион киши мажбурий меҳнатга жалб қилинган, бу 2016 йилга нисбатан 2,7 миллион кишига кўп. Ушбу 27,6 миллиондан 6,3 миллиони тижорат мақсадида жинсий эксплуатацияга учраган, 3,9 миллиони эса давлат томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинган.
“Афсуски, баъзи ҳукуматлар муаммонинг бир қисми”, дейди Махсус топшириқлар бўйича элчи Синди Дайер.
Ҳисоботда қайд этилишича, Давлат департаменти маъмурлари одам савдосини рағбатлантирадиган ёки молиялаштирадиган 13 давлатни аниқлади. Бунга ҳукумат дастурларида одам савдоси, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий меҳнат, ҳукумат лагерларида жинсий қуллик ёки болалардан аскар сифатида фойдаланиш ёки ёллаш киради.
2024 йилда қоидабузар давлатлар рўйхатига Афғонистон, Беларусь, Бирма, Хитой, Куба, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Россия, Жанубий Судан, Судан, Сурия ва Туркманистон киритилган.
“Дунё бўйлаб миграция инқирози кучайган сари одам савдоси ҳам кучайиши мумкин. Биз ҳукуматларни одам савдосининг олдини олишга чақирамиз”, дейди Дайер.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь