АҚШ “Толибон”ни тан олмаса ҳам Афғонистонда консуллигини очмоқчи
Олам
−
02 Февраль
4301Америка Қўшма Штатлари “Толибон” назоратидаги Афғонистонда консуллигини қайта очиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда Давлат департаментининг янги эълон қилинган стратегия ҳужжатига таяниб, “Америка Овози” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳаракат АҚШ томонидан яккаланган “Толибон” режими билан чекланган ҳамкорликдаги потенциал ўзгаришлардан далолат беради.
“Биз америкаликлар учун консулликка кириш, шаффофлик ва масъулиятни ҳимоя қиламиз, шунингдек, Президентнинг гаровга олинганлар бўйича махсус элчисининг ноҳақ ҳибсга олинган америкаликларни озод қилиш бўйича ишини қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади ҳужжатда.
Айтиш жоизки, 2021 йил августида Афғонистон ҳукумати қулаши билан АҚШ Қобулдаги элчихонасини ёпиб қўйди. Ўшандан бери АҚШ ва “Толибон” ўзаро алоқалари Афғонистондан ташқарида, асосан АҚШнинг Афғонистондаги муваққат ишлар вакили бўлган Доҳада (Қатарда) вақти-вақти билан учрашувлар билан чекланган.
"Қўшма Штатлар “Толибон”ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаса ҳам, мақсадларимизни олға силжитадиган ҳамда “Толибон”нинг бизнинг олдимиздаги мажбуриятларини бажаришга тайёрлиги ва қобилияти тушунишимизни янада мустаҳкамлайдиган функционал муносабатларни ўрнатишимиз керак”, дейилади стратегия ҳужжатида.
АҚШнинг янги стратегиясидаги тўртта йўналиш, хусусан, терроризмга қарши кураш, иқтисодий ёрдам, маҳаллий иштирок ва Афғонистондаги АҚШ фуқаролари учун консуллик хизматлари ҳамда Қўшма Штатларга кўчиб ўтмоқчи бўлган афғонларга ёрдам кўрсатиш кўрсатилган.
Стратегияга кўра, Вашингтон “афғон халқининг, айниқса аёллар ва қизларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади”.
АҚШ расмийлари Толибон билан ҳар қандай нормализация, жумладан, уларнинг раҳбарларига нисбатан ўнлаб йиллар давом этган санкцияларни тугатиш “Толибон”нинг репрессив сиёсатини бекор қилиш ва инклюзив афғон ҳукуматини шакллантиришга боғлиқлигини қайта-қайта таъкидлаган.
“Толибон”нинг муваққат ҳукуматини тан олмаса-да, айрим давлатлар, жумладан, АҚШнинг Ҳиндистон, Япония ва Туркия каби иттифоқчилари Қобулда дипломатик ваколатхоналарини сақлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сиёсий миссияси ҳам мамлакатда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Ўтган йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида ўтказилган мустақил баҳолаш халқаро ҳамжамиятнинг де-факто “Толибон” ҳукумати билан бевосита алоқаларини кучайтиришга чақирди.
"Логистика нуқтаи назаридан, АҚШда консуллик ходимлари ва муассасалари очиқ бўлса, Қўшма Штатларга йўл излаётган афғонларга ёрдам бериш осонроқ бўлар эди", дейди Уилсон марказидаги Жанубий Осиё институти директори Майкл Кугелман.
Бироқ, у Американинг Афғонистонга қайтиши хавфсизликка таҳдид бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Иқтисодиёт ва тинчлик институтининг 2023 йилги Глобал терроризм индексига кўра, Афғонистонда терроризм билан боғлиқ зўравонликлар сўнгги икки йил ичида 75 фоизга камайган.
Бу пасайиш “Толибон”нинг АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган собиқ Афғонистон ҳукуматига қарши урушини тугатиш натижасида юзага келган кўринади.
“Толибон” тинчликни тиклаш даъвосига қарамай, ИШИДнинг Хуросон бўлими каби террористик гуруҳлар Афғонистонда ҳужумлар уюштириб, юзлаб одамларни, асосан диний озчиликларни ўлдирган.
LiveБарчаси