АҚШ тинчлик сулҳидан кейин “Толибон”га зарба берди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятида "Толибон" ҳаракати аъзоларига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда бугун, 4 март куни АҚШ Қуролли кучлари вакили Сонни Леггет маълум қилди.

"Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари назорат пунктига "Толибон" жангарилари ҳужум қилишди. Бу ҳужумни олдини олиш учун АҚШ мудофаа кучлари уларга қарши зарба берди”, деди полковник Сонни Леггет "Twitter"даги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, расмий Вашингтон тинчлик сулҳига  содиқ, аммо керак бўлганда афғон кучларини ҳимоя қилади.

“Гуруҳ раҳбарияти халқаро ҳамжамиятга зўравонликни камайтиришга ва ҳужумлар сонини кўпайтирмасликка ваъда берган. Биз "Толибон" ҳаракатини ҳужумларни бас қилишга ва ўз мажбуриятларини бажаришга чақирамиз" деди Қуролли кучлар вакили.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 март куни "Толибон" ҳаракати мамлакат шарқида портлаш  уюштирган эди. Ҳаракат вакилининг сўзларига кўра, мужоҳидлар хорижий кучларга қарши ҳужумлар қилмайди, лекин Афғонистон ҳукуматига қарши ҳаракатларни давом этиришади.

Расмийларнинг маълум қилишича, кеча, 3 март куни "Толибон" ҳужуми оқибатида мис конига ёндош хавфсизлик пунктида беш афғон полицияси ходими ҳалок бўлган. Бундан ташқари, айнан шу куни яна икки ҳудудда ҳукумат кучларига нисбатан ҳужумлар қайд этилган. Хусусан, "Толибон" Вошер минтақасидаги назорат пунктига ҳамда Қундуз вилоятидаги ҳарбий базага ҳужум қилган. Бу ҳужумлар оқибатида 7 афғон ҳарбийси ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Нуруллоҳ Шарипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Толибон

Баҳолаганлар

254

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг