АҚШ Сурияга қарши санкцияларнинг бир қисмини тўхтатди
Олам
−
24 Май
1435Америка Қўшма Штатлари Сурияга қарши 2019 йилда жорий этилган санкцияларнинг бир қисмини 180 кунга тўхтатди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио маълум қилди.
Билдирилишича, гап “Сезар қонуни” доирасида қабул қилинган санкциялар ҳақида бормоқда. Ушбу истиснолар Сурия бўйлаб электр таъминоти, санитария ҳолати ва сув билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек, инсонпарварлик ёрдамини самаралироқ кўрсатишга хизмат қилади.
“Бугунги қарорлар Президент Дональд Трампнинг АҚШ ва Сурия ўртасидаги янги муносабатлар ҳақидаги концепциясини амалга ошириш йўлидаги биринчи қадамдир. Президент Сурия ҳукуматига мамлакат ичкарисида ва қўшнилари билан муносабатларда тинчлик ва барқарорликка эришиш учун имконият бермоқда”, деди Рубио.
Унинг сўзларига кўра, Трамп Сурия ҳукуматидан “ёрдам эвазига муҳим сиёсий устувор йўналишлар бўйича тезкор ҳаракатлар” кутмоқда. Истисно шуни таъминлаш учун киритилди-ки, санкциялар Вашингтон ҳамкорларининг Сурияда барқарорликни мустаҳкамлашга ва қайта тиклаш саъй-ҳаракатларини илгари суришга йўналтирилган инвестицияларига тўсқинлик қилмасин.
Маълумот учун, 2019 йилда – ўзининг биринчи президетнлик муддатида Дональд Трамп тегишли фармонни имзолаган бўлиб, у Сурия можаросини сиёсий йўл билан ҳал қилишга тўсқинлик қилаётган учинчи томонларга қарши кенгроқ санкциялар жорий этиш имконини берган. 2020 йил июнь ойида кучга кирган “Сезар қонуни” Дамашқнинг иттифоқчилари ва уларни қўллаб-қувватловчиларга қарши чекловларни мустаҳкамлаб, кенгайтирган.
Қонунга кўра, қуйидагилар санкцияларга сабаб бўлиши мумкин:
- Сурияга нефть-газ саноатини ривожлантиришда ёрдам берувчи товар, хизмат, технология ёки маълумот етказиб бериш;
- Ҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкин бўлган самолётлар ёки уларнинг қисмларини Дамашққа етказиб бериш;
- Мудофаа, қурилиш ва муҳандислик соҳаларида хизмат кўрсатиш.
“The Wall Street Journal”га кўра, январь ойида АҚШ ҳукумати инсонпарварлик юкларини Сурия ҳудудига ярим йил давомида соддароқ тартибда етказишга рухсат бериш масаласини кўриб чиққан. Бу юклар учун АҚШ ҳукумати махсус рухсатномасини олиш талаб қилинмайди, бироқ уларни фақат белгиланган мақсадларда ишлатиш кафолатланиши керак бўлади.
АҚШ Молия вазирлиги бунгача Суриянинг айрим шахс ва ташкилотларига қарши илгари қўлланилган молиявий операцияларга рухсат берувчи лицензия чиқарган. Уларга “Сурия ҳаво йўллари”, Марказий банк ҳамда нефть ва газ компаниялари, шу билан бирга муваққат президент Аҳмад аш-Шара ҳам кирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Сурияга қўйилган санкцияларни олиб ташлаш ва “унга иккинчи имконият бериш”га ваъда берди. Унинг айтишича, бу чекловлар “қатъий ва фалокат даражасида” бўлган, аммо ўз вазифасини бажарган.
Кейинроқ эса Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифи давомида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан шахсан учрашди. Учрашувда Трамп яна бир бор АҚШнинг Сурия бўйича санкцияларни бекор қилишини эълон қилган. Бу қарор Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмондан келган илтимосга биноан амалга оширилган.
LiveБарчаси