АҚШ Суриядаги ИШИД маҳбусларини Ироққа кўчиришни бошлади

Олам

image

АҚШ ҳарбийлари Суриядан Ироққа 150 нафар “Исломий давлат” (ИШИД) аъзосини кўчирди. Америка яна 7 минг нафаргача маҳбусни Суриядан олиб чиқишни режалаштирилмоқда. Бу ҳақда кеча, 21 январь куни ўз манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Келтирилишича, жорий йилнинг 19 январь куни АҚШ Марказий қўмондонлиги адмирали Брэд Купер Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан мулоқот қилган. Учрашувда маҳбусларни кўчириш масаласи муҳокама қилинган ҳамда Сурия кучлари ва бошқа томонларнинг жараёнга аралашмаслигига келишиб олинган. 

Қайд этилишича, маҳбусларни кўчириш Суриянинг шимоли-шарқида курдлар бошчилигидаги Сурия Демократик кучлари (СДК) позицияларининг заифлашуви фонида амалга оширилмоқда. Ушбу жараён СДК назоратида бўлган ўнга яқин қамоқхоналар хавфсизлиги борасида жиддий хавотирларни уйғотган. АҚШ ҳарбийларининг баёнотига кўра, Суриянинг Хасака шаҳридаги ҳибсхонада сақланган 150 нафар ИШИД жангариси Ироқ ҳудудидаги хавфсиз жойга муваффақиятли кўчирилган. Шунингдек, келгусида 7 минг нафаргача ИШИД маҳбуслари Ироқ назоратидаги муассасаларга ўтказилиши мумкин.

“Биз минтақавий ҳамкорларимиз, жумладан, Ироқ ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз ва уларнинг ИШИДни бутунлай тор-мор этишдаги ролини юксак баҳолаймиз”, дейди Купер.

Сўнгги кунларда ҳукумат кучларининг тезкор ҳаракатлари ва АҚШнинг СДКни қўллаб-қувватлашдан чекиниши Сурияда Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан буён энг йирик назорат ўзгаришларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Хабарларга кўра, Шаддади қамоқхонасидан қарийб 200 нафар қуйи даражадаги ИШИД жангарилари қочиб кетган, бироқ уларнинг аксарияти ҳукумат кучлари томонидан яна қўлга олинган. Ҳозирда Сурия қамоқхоналарида 10 мингдан ортиқ ИШИД аъзолари, шунингдек, гуруҳ билан алоқадор минглаб аёллар ва болалар сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг муваққат ҳукумати қўшинлари Сурия Демократик кучлари (СДК) назоратида бўлган, мамлакат шимоли-шарқидаги бир қатор ҳудудлар ва муҳим объектларни эгаллагани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия ИШИД Ироқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг