АҚШ Сирдарёда тошқиндан зарар кўрган 2000 нафар оилага инсонпарварлик ёрдамини етказди
Жамият
−
29 Май 2020
9293Бугун AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм, AҚШ Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми сифатида, Сардоба сув омбори ўпирилиши ортидан "Соғлом авлод учун" нодавлат хайрия жамғармасига зарур воситаларни топширди. Ушбу инсонпарварлик ёрдами табиий офатдан жабрланган 2000 та оилага етказилади.
АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) қошидаги Табиий офатларда ёрдам кўрсатиш бошқармаси орқали тақдим этган инсонпарварлик ёрдами озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарур нарсалардан (гигиена воситалари, кўрпа-тўшаклар, чойшаблар, сув тозалаш учун таблеткалар ва бошқалар) ташкил топган. Буларнинг барчасини Ўзбекистондаги "Соғлом авлод учун" жамғармаси маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилардан сотиб олиб, ҳар бир жабрланган оила учун алоҳида пакетларга жойлади. Жамғарма ушбу инсонпарварлик ёрдамини сув тошқини бўлган ҳудудларга етказиб беради ҳамда уни Сирдарё вилоятидаги ҳудудий филиали орқали тарқатади.
Сирдарё вилояти ҳокимияти билан ҳамкорликда "Соғлом авлод учун" жамғармаси ёрдамга муҳтожларни аниқлади ва у AҚШ ҳукумати кўмаги ўз эгаларига етиб боришини кафолатлайди. Ушбу хайриядан асосий мақсад эҳтиёжманд оилаларнинг хавфсизлиги, тинчлиги, санитария ҳимояси ва шахсий гигиенасини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ушбу инсонпарварлик ёрдами билан AҚШ ҳукумати сув омбори ўпирилиши туфайли уйларидан эвакуация қилинган муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва бошқа асосий воситаларни тарқатиш орқали Ўзбекистонга инқирозга тегишли жавоб қайтаришда ёрдам беради.
Фавқулодда ёрдамни қўллаб-қувватлашдан ташқари, USAID мамлакат иқтисодини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кучайтириш, саломатликка жиддий хавфларни бартараф этиш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини қондиришда ҳукумат имкониятларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда иш олиб бормоқда.
Аввалроқ, АҚШ Сардоба воқеаси сабаб Ўзбекистонга 100 минг доллар ажратган эди.
LiveБарчаси