АҚШ Сенати Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам жўнатишга рози бўлди
Олам
−
13 Февраль
6946АҚШ Сенати бугун, 13 февраль куни якуний овоз беришда Украина, Исроил ва Тайванга 95,3 миллиард долларлик ёрдам пакетини маъқуллади. Қонун лойиҳаси демократлар кўпчиликни ташкил этган Конгресснинг юқори палатасида 70 овоз ёқлаб, 29 киши қарши овоз билан қабул қилинди ва бу зарур бўлган 60 овоздан ошиб кетди. Лойиҳани қўллаб-қувватлаганлар орасида 22 нафар республикачи ҳам бор.
Сенатдаги Демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумернинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат “нафақат миллий хавфсизлик, балки иттифоқчилар хавфсизлиги, хусусан, барча Ғарб демократиялари хавфсизлигига ҳам тегишли”.
Украина Президенти Владимир Зеленский сенаторларга ёрдам пакетини маъқуллагани учун миннатдорчилик билдирди.
"Америка ёрдами Украинада адолатли тинчликни яқинлаштиради ва глобал барқарорликни тиклайди, бу эса барча америкаликлар ва бутун эркин дунё учун хавфсизлик ва фаровонликни оширишга ёрдам беради", деб ёзди Украина давлат раҳбари Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Қонун лойиҳаси энди Вакиллар палатасига юборилади, аммо спикер Майк Жонсоннинг айтишича, у рад этилиши мумкин. Буннг сабаби шуки, ҳужжатнинг амалдаги таҳририда қуйи палатада ҳукмрон Республикачилар партияси қатъий талаб қилаётган АҚШнинг жанубий чегарасида чегара назоратини кучайтириш харажатлари киритилмаган.
"Умумреспубликачилар мунозаранинг бошиданоқ ҳар қандай қўшимча миллий хавфсизлик қонунчилиги миллий хавфсизлик ўз чегарамиздан бошланишини тан олиши кераклигини аниқ айтди", дейди Жонсон.
Таъкидлаш жоизки, деярли икки йилдан бери Россиянинг ҳарбий босқинини тўхтатиб келаётган Украинага АҚШ ҳарбий ёрдами учун янги маблағ ажратиш 2023 йилнинг кузидан бери Конгрессда келишиб бўлмайди. Февраль ойи бошига келиб, икки партия вакиллари қонун лойиҳаси Мексика билан чегарани мустаҳкамлаш чораларини ўз ичига олиши ҳақида дастлабки келишувга эришди. Бироқ 7 февраль куни Сенатда ҳужжатнинг муроса варианти барбод бўлди – республикачилар фикри етарлича инобатга олинмагани сабаб, уни қўллаб-қувватламади.
АҚШ Президенти Жо Байден республикачиларни бу қарори учун кескин танқид қилди ва воқеада унинг кузги президентлик сайловларида потенциал рақиби Дональд Трампни айблади. Трамп аввалроқ республикачиларни чегара хавфсизлиги борасида ҳеч қандай муросага бормасликка чақирган эди.
LiveБарчаси