АҚШ Сенати Трампнинг ваколатини чекловчи ҳужжатни маъқуллади
Олам
−
14 Февраль 2020
4147Кеча, 13 февраль куни АҚШ Конгрессининг Сенати Президент Дональд Трампнинг Эронга қарши ҳарбий кучларни ишга солиши учун аввал парламентдан рухсат олишини мажбурий қилувчи резолюцияни маъқуллади.
Ташаббусни 55 нафар сенатор маъқуллаган, 45 нафар аъзо унга қарши бўлди. Ҳужжатни республикачилардан 7 нафари тасдиқлаган.
Эндиликда ҳужжат Вакиллар палатасига юборилади. У ерда кўпчиликни ташкил қилувчи демократлар буни қўллаб-қувватлаши кутиляпти. Оқ уй резолюция тасдиқланган тақдирда Трамп унга вето қўйишини маълум қилди. Айни вақтда демократларда Президент ветосини енгиб ўтиш учун овозлар етарли эмас. Бу дегани Сенат маъқуллагани билан ҳам Президентнинг имкониятларини чеклаш осон бўлмайди.
Резолюция Президентга Конгрессдан рухсат олмасдан ёки АҚШга кутилмаган ҳужум бўлмаган тақдирда Эронга қарши ҳарбий операция ўтказишни тақиқлайди. Агар резолюция қабул қилингунгача ҳарбий ҳаракат бошланган бўлса, у АҚШ администрациясига 30 кун ичида токи Конгресс рухсат бермагунча уни тўхтатишни мажбурий қилади.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Трампнинг буйруғи билан ўтказилган операция натижасида Эрон ташқи сиёсатининг меъмори, Яқин Шарқдаги таъсир доираси мислсиз даражада юқори бўлган генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилди. Натижада икки томон муносабатлари кескин тус олиб, уруш ёқасига келиб қолганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь