Трамп ҳомийларига Сулаймоний қандай ўлдирилганини айтиб берди

Олам 9977
image

АҚШ Президенти Дональд Трамп эронлик генерал Қосим Сулаймоний Америка ҳақидаги ножўя гаплари сабаб йўқ қилинганини маълум қилди. У бу ҳақда Флоридадаги Мар-а-Лаго вилласида Республикачилар партияси ҳомийлари учун ташкил этилган кечки овқатда айтиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда ёзиб олинган аудиоёзувларга таяниб "The Washington Post" хабар берди

Қайд этилишича, Трамп ўз нутқида Сулаймоний ўлдирилиш сабаби сифатида айтилган АҚШ манфатларига таҳдид ва элчихоналарга ҳужум ҳақида гапирмаган. Америка раҳбари АҚШ генерални йўқ қилиш амалиётини ўтказишдан икки ҳафта аввал уни кузатувга олган. Трампнинг айтишича, кузатув давомида Сулаймоний АҚШ ҳақида ножўя сўзлар айтгани қайд қилинган.

“У бизнинг давлат ҳақида ножўя гаплар айтган, гўёки биз уларга ҳужум қилмоқчилигимиз, одамларини ўлдирмоқчилигимизни айтган. Мен шунда айтдим: “Менга қаранг, бу сафсатани яна қанча эшитамиз?”, деб Трампнинг аудиоёзувдаги сўзларини келтириб ўтган The Washington Post.

Ҳомийлар Трампнинг бу гапларини олқишлар билан қаршилашган. Шу билан бирга, АҚШ Президенти Сулаймонийни “йўл четидаги бомбалар отаси” деб атаган ва қўл-оёғи йўқ ҳар бир қиз ва ўсмир учун жавобгарликни унинг зиммасига юклаган. 

Трамп амалиётнинг боришини дақиқама-дақиқа кузатиб турган. 

“[Сулаймоний] ўлишига яна 2 дақиқа 11 сония қолди, сэр. Улар зирҳлаган автомобилда. Сэр, уларнинг ўлимига тахминан бир дақиқа қолди, сэр, 30 сония. 10, 9, 8... Ва бирданига “бум” дейилди”, деб тасвирлаб берган Трамп ҳарбийлар ҳисоботини. 

Шунингдек, Трамп тадбирдаги нутқида мудофаа бюджети 2,5 трлн долларгача оширилгани ва унинг пулларни сарфлаши ҳамда АҚШ қарзининг тобора ошиб бораётганини танқид қилувчиларга бефарқлик билан жавоб бериши билан мақтанган.

Эслатиб ўтамиз, Қосим Сулаймоний 3 январга ўтар кечаси Бағдод халқаро аэропорти яқинида америкалик ҳарбийлари зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди. Унинг ўлдирилиши Яқин Шарқ минтақасида кескинликни ошириб юборди. Эрон Сулаймонийнинг ўлдирилишига Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум билан жавоб қайтарди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 428
Рейтинг: 2.9
t
×