АҚШ Россия банкларига қарши санкциялар тайёрлади
Олам
−
21 Февраль 2022
6941АҚШ маъмурияти Москвага қарши санкциялар тайёрлади. Бу Америка банкларига Россиянинг йирик банклари учун транзакцияларни қайта ишлашни тақиқлашдан иборат. Бу ҳақда “Reuters” манбаларга таяниб ёзган.
Таъкидланишича, гап Вашингтон фақат Россиянинг Украинага “босқин”и муносабати билан фойдаланадиган “дастлабки” чеклов чоралари тўплами ҳақида кетмоқда. Ушбу чора-тадбирлар томонларнинг банклари ўртасидаги глобал пул оқимларининг асоси бўлган “корреспондент” муносабатларини бузиш орқали Россия иқтисодиётига зарар етказишга қаратилган.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, Қўшма Штатлар Россиянинг айрим жисмоний шахслари ва компанияларига нисбатан ҳам уларни қора рўйхатга (SDN рўйхати) киритиш орқали санкциялар қўллаш ниятида, бу уларни Америка банк тизимидан чиқариб ташлайди, АҚШ фуқаролари билан савдо қилишни тақиқлайди ва Қўшма Штатлардаги активларини музлатиб қўяди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ вице-президенти Камола Харрис агар Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Москвани мисли кўрилмаган даражада юқори бадал тўлашга мажбур қилишини айтганди.