Россия жуда оғир ва мислсиз бадал тўлайди – Камола Харрис Кремлни огоҳлантирди
Олам
−
19 Февраль 2022
21055Агар Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Москвани мисли кўрилмаган даражада юқори бадал тўлашга мажбур қилади. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Камола Харрис 58-Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Унинг қайд этишича, Европа Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган тизимда тинчлик ва фаровонликда яшаган.
“Бугун Европа хавфсизлиги келажаги бевосита таҳдид остида. Давлатларнинг миллий чегаралари куч ишлатиш йўли билан ўзгартирилмаслиги, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши керак. Қўшма Штатлар халқ ўз бошқарув шаклини танлаш ҳуқуқига эга, касаба уюшмалари ва ҳукумат уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак деган тамойилларга тўлиқ содиқдир. Қонун устуворлиги ҳимоя қилиниши керак, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилинг”, дейди Харрис.
АҚШ вице-президенти халқлар ва давлатлар иттифоқчи танлаш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаган.
У НАТОни дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқи деб атаган ва Қўшма Штатлар Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилотининг Коллектив ўзини ўзи мудофаа қилиш уставининг 5-моддасига қатъий содиқлигини урғулаган.
НАТО Низомининг 5-моддасида альянснинг бир ёки бир нечта давлатига қуролли ҳужум бутун альянсга қилинган ҳужум сифатида қаралиши белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, ҳар бир давлат "Шимолий Атлантика минтақаси хавфсизлигини тиклаш ва кейинчалик сақлаб қолиш учун қуролли куч ишлатиш"гача бўлган жавоб чораларини амалга ошириш мажбуриятини олади. У тарихда фақат бир марта – 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир бўлган терактлардан кейин қўлланилган.
Санциялар орқали бадал
АҚШ вице-президенти агар Россия Украинага бостириб кирса, Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Россия ва унинг тарафдорларига қарши кенг қамровли иқтисодий ва молиявий санкциялар жорий этиши билан таҳдид қилган.
"Мен тўғридан-тўғри гапираман. Ишонч билан айта оламанки, агар Россия Украинага бостириб кирса, АҚШ ва бизнинг ҳамкорларимиз Москвани катта ва мисли кўрилмаган иқтисодий бадал тўлашга мажбур қилади”, деган Харрис.
Унинг таъкидлашича, АҚШ Президенти Жо Байден Украина атрофидаги вазият кескинлаша бошлаганиданоқ НАТО иттифоқчилари билан биргаликда Россияга аниқ таклифлар билан чиққан, конструктив мулоқот ўтказишга ҳаракат қилган, уни музокарага ундаган. У Москванинг Украина йўналишидаги ҳаракатларини “қўлланма бўйича юритилаётган иш”, деб таърифлаган.
Маълумот ўрнида, Мюнхендаги Халқаро хавфсизлик конференциясида уч кун давомида 600 га яқин сиёсатчи, ишбилармон ва илмий доиралар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари қатнашади. Форумда 35 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади. Асосий мавзу Украина атрофидаги инқироз бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь