АҚШ Регистон майдонини сақлаш учун 500 минг доллар ажратади
Жамият
−
14 Ноябрь
4273Америка Қўшма Штатлари Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратади. Бу ҳақда кеча, 13 ноябрь куни АҚШ ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари томонидан ҳар йили ўтказиладиган АҚШ-Ўзбекистон стратегик ҳамкорлик мулоқотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича Давлат котибининг ёрдамчиси Дональд Лу ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Мадраҳимов Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги тўртинчи йиллик Стратегик ҳамкорлик мулоқотига етакчилик қилган.
Билдирилишича, АҚШ Ўзбекистоннинг археология ва маданий асраш соҳасидаги минтақавий етакчилигини қадрлайди. Шу муносабат билан АҚШ Давлат департаменти Самарқанддаги Регистон майдонидаги меъморий обидаларни асраш бўйича ишлар учун АҚШнинг Маданиятни сақлаш бўйича элчилар жамғармаси орқали 500 000 доллар ажратишини эълон қилди.
Шунингдек, мулоқот давомида делегациялар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иқтисодий, инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик ва маданий алоқалардаги ривожланаётган ҳамкорликни муҳокама қилган. Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.
Томонлар, шунингдек, C5+1 дипломатик формати орқали конструктив ҳамкорликни кучайтириш масалаларида минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашган ҳамда мудофаа бўлимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, чегара ва божхона органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш орқали хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, АҚШ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ривожлантиришда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган эди. Унга кўра, ҳозирда томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Шу билан АҚШ Ўзбекистон билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган 21-давлат бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь