АҚШ Очиқ осмон шартномасидан чиқмоқда

Олам 5953
image

Америка Қўшма Штатлари бугун, 22 ноябрдан Очиқ осмон шартномаси аъзоси бўлишдан тўхтади. Бугун Америка Ҳукумати депозитарларга (Канада ва Венгрия) ҳамда бошқа аъзоларга келишувдан чиқиши ҳақидаги огоҳлантириш юборганига 6 ой тўлди ва муддат тугади.

Расмий Вашингтон ўзининг хатти-ҳаракатини Россия томони келишув шартларини бажармаётгани билан изоҳлаган.

Эндиликда АҚШ келишув иштирокчилари ҳудудида ҳарбий фаолиятнинг боришини кузатиш учун парвозларни амалга оширолмайди, шунингдек, парвоз вақтида олинган маълумотларни ҳам ололмайди.

Давлат котиби Майкл Помпео 21 майдаги баёнотида Россия келишув шартларини тўлиқ бажаришни зиммасига олса, расмий Вашингтон қарорини қайта кўриб чиқиши мумкинлигини айтганди. АҚШ Президенти Дональд Трамп ўша вақтдаёқ янги келишув тузиш мумкинлигини айтган.

Расмий Москва эса Вашингтон илгари сураётган шартларни қабул қилиб бўлмаслигини, негаки улар ультиматум характерида эканини таъкидлаб келяпти.

АҚШнинг Россияга қандай эътирозлари бор?

Россиянинг АҚШ самолётларига тан олинмаган Абхазия ва Жанубий Осетия чегарасидан 10 км масофада учиб ўтишга рухсат бермаслиги. Вашингтоннинг фикрича, шу орқали Россия ўзи оккупация қилган ҳудудларни мустақил давлат сифатида кўрсатишда давом этмоқчи.

Россияга нисбатан эътирозлардан яна бири АҚШ ва кўплаб давлатлар Украина ҳудуди эканини таъкидлаб келаётган Қримда самолётларга ёнилғи қуйиш учун аэродом ажратиш талабининг бажарилмаслиги бўлган.

Европа Иттифоқи давлатлари орасидаги Россия анклави – Калининград узра парвозларнинг чекланиши. АҚШ бу ҳудудга Россиянинг асосий қуроллари, хусусан, ядровий қуроллар жойлаштирилганига ишонмоқда.

Маълумот учун, Очиқ осмон тўғрисидаги кўптомонлама келишув 1992 йил 24 март куни Хельсинки шаҳрида имзоланган. АҚШ келишувдан чиққанидан кейин унга 33 давлат аъзо бўлиб қолди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 223
Рейтинг: 3
Теглар
t
×