Россия айбдор! АҚШ очиқ осмон шартномасидан чиқмоқчи

Олам

image

АҚШ Очиқ осмон шартномасидан чиқишга қарор қилди. Америка Россияни келишув шартларини бир неча марта бузишда айблаяпти. Бу ҳақда Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео маълум қилди.

35 давлатни бирлаштириб турувчи бу шартнома қурол-яроғ бўлмаган кузатув самолётлари иштирокчи давлатлар ҳудудидан эркин учиб ўтишини таъминлашга қаратилган.

АКШ Давлат департаменти веб-сайтида эълон қилинган баёнотда Майкл Помпео Россия томонидан шартнома шартларини бузишнинг кўплаб мисолларини санаб ўтган.

Хусусан, у Россия армияси парвозлардан ўзининг юқори аниқликка эга қуролларини стратегик даражадаги АҚШ ва Европа объектларига тўғрилашда фойдаланганини таъкидлади.

“Очиқ осмон шартномасидан ҳарбий масалаларда очиқлик ва ишончни мустаҳкамлаш механизми сифатида фойдаланиш ўрнига, Россия бу шартномани қўрқитиш ва таҳдид қилиш воситасига ҳамда қуролланишнинг давомига айлантирди”, деган ўз баёнотида АҚШ дипломати.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат котиби яна кўплаб эътирозларни билдириб ўтди.

Жумладан, Россиянинг тан олинмаган Абхазия ва Жанубий Осетия чегарасидан 10 км масофада учиб ўтишга рухсат бермаслиги. Помпеонинг таъкидлашича, шу орқали Россия ўзи оккупация қилган ҳудудларни мустақил давлат сифатида кўрсатишда давом этмоқчи.

Россияга бўлаётган эътирозлардан яна бири АҚШ ва кўплаб давлатлар Украина ҳудуди эканини таъкидлаб келаётган Қримда самолётларга ёнилғи қуйиш учун аэродом ажратиш талабининг бажарилмаслиги бўляпти.

Европа Иттифоқи давлатлари орасидаги Россия анклави – Калининград узра парвозларнинг чекланиши. Помпео бу ҳудудга Россиянинг асосий қуроллари, хусусан, ядровий қуроллар жойлаштирилганига ишонмоқда.

Давлат департаменти раҳбари бугун, 22 май куни АҚШ олти ойдан кейин шартномадан чиқиши тўғрисида барча иштирокчи давлатларга расмий огоҳлантириш юборишини маълум қилди. АҚШ Россия шартнома шартларини бажаришга қайтса, келишувда қолишга рози.

Россиянинг расмий Вашингтоннинг қарорига билдирган муносабатида, барча айбловлар рад қилинган. Шунингдек, АҚШ бундай қарорга келгани ачинарли эканини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Россия

Баҳолаганлар

245

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг