АҚШ НАТОнинг Европадаги базаларига атом бомбаларини жойлаштиришни тезлаштирмоқчи

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Европада янгиланган B61-12 тактик бомбаларини НАТОнинг қитъадаги базаларига декабрь ойи бошида етказиб беришни тезлаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда бугун, 27  октябрь куни “Politico” газетаси дипломатик алоқа ва манбаларга таяниб хабар берди. 

Нашрнинг ёзишича, НАТОнинг Брюсселдаги ёпиқ йиғилишида АҚШ расмийлари бомбалар режалаштирилган вақтдан эрта етиб боришини айтган. Дастлабки режага кўра, улар Европада 2023 йилнинг баҳорида жойлаштирилиши керак эди. 

Пентагон ва Давлат департаменти расмийлари учун ёзилган дипломатик ҳужжатда айтилишича, Россиянинг ядровий риторикаси кучайиб бораётган бир пайтда, баъзи иттифоқчилар НАТО доирасида доимий тайёргарлик ва изчил хабар алмашишни таъминлаш учун маслаҳатлашувларни давом эттиришни сўрашган. 

Ўз навбатида, Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер нашрга Қўшма Штатлар ядро арсенали масаласини батафсил муҳокама қилмоқчи эмаслиги ва B61 дастури доирасида модернизация кўп йиллардан буён давом этаётганини таъкидлади. 

“Анчадан бери режалаштирилган модернизация ҳаракатлари сифатида” эски қуроллар замонавийроқлари билан алмаштирилмоқда. Бунинг Украинадаги ҳозирги воқеаларга алоқаси йўқ ва тезлаштирилмаган”, дейди Патрик Райдер. 

Бироқ, “Politico”нинг фикрича, Вашингтоннинг Европа омборларидаги қуролларни потенциал фойдаланиш учун алмаштириш ҳақидаги қарори Ғарб ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган фонда содир бўлмоқда. 

B61-12 бомбаси ҳақида

Атом зарядининг портлаши билан бирга бўлмаган B61-12 нинг биринчи синови 2015 йил 1 июлда АҚШда бўлиб ўтди. Америка олимлари федерациясининг ядровий ахборот лойиҳалари директори Ганс Кристенсен шу муносабат билан ОАВ билан суҳбатда Қўшма Штатлар ўз арсеналида биринчи бошқариладиган атом бомбасини яратаётганини айтди. B61-12 бомбасини Американиниг бешинчи авлод F-35 қирувчи-бомбардимончи самолётлари ташиши мумкин.

2021 йил декабрь ойида Қўшма Штатлар янгиланган B61 атом бомбасининг биринчи ишлаб чиқариш намунасини чиқарди. Америка расмийларининг режаларига кўра, у 1968 йилда фойдаланишга топширилган B61 ўқ-дориларининг тўртта мавжуд модификациясидан учтасини алмаштиради. Миллий Ядро хавфсизлиги бошқармаси янгилаш бомбанинг хизмат қилиш муддатини камида 20 йилга оширишини таъкидлади.  

B61-12 бомбаси аввалгисидан, хусусан, парашютнинг йўқлиги ва фойдаланишнинг аниқлигини оширадиган инертиал бошқарув тизимига эга янги қуйруқ қисмининг мавжудлиги билан ажралиб туради. 

Россия АҚШнинг бу ниятлари очиқдан-очиқ провокацион эканлигини ва уларнинг тўлиқ ядровий қуролсизланиш истаги ҳақидаги баёнотларига зид эканлигини бир неча бор таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг