АҚШ мудофаа саноатида Россия ва Хитойга қарамликдан қутулмоқчи
Олам
−
28 Июнь 2023
8002АҚШ Киев учун ёрдам пакетидан Хитой ва Россияга қарамликни камайтиришда фойдаланади. АҚШ Мудофаа вазирлиги ушбу соҳада Россия ва Хитойга қарамликни камайтириш мақсадида Украинага молиявий ёрдам пакети маблағларининг бир қисмини АҚШ ҳарбий-саноат мажмуасининг турли корхоналарига грант сифатида ишлатмоқда. Бу ҳақда кеча, 27 июнь куни “Defence News” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Конгресси томонидан Украинага ёрдам бериш учун ажратилган жами 40 миллиард долларнинг тахминан 2 фоизи АҚШнинг мудофаа қобилиятини оширишга, масалан, тоғ-кон саноати ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Грантларнинг умумий миқдори тахминан 600 миллион долларни ташкил этади. Пентагон шу йўл билан таъминот занжирларини яхшилаш ва саноат базасининг Россия ва Хитойга қарамлигини камайтиришни кутмоқда. Грант дастури шу йилнинг апрель ойида Aerojet Rocketdyne компанияси снаряд ишлаб чиқаришни ошириши учун Арканзас, Алабама ва Виржиниядаги объектларни модернизация қилишга 215,6 миллион доллар олганида бошланган.
Июнь ойида эса Айова штатида самолётлар ва ер усти ускуналарини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган алюминий етказиб беришни қўллаб-қувватлашга 45,5 миллион доллар йўналтирилган. Маълумотларга кўра, ҳозирда жаҳон алюминий бозорининг 75 фоизи Россия назоратида.
Бундан ташқари, Айдахо штатида мудофаа саноати учун муҳим металл бўлган кобальт ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун яна 15 миллион доллар ажратилган. Мудофаа инвестицияларини тақсимлашга масъул Пентагоннинг юқори мартабали ходими Энтони Ди Стасионинг айтишича, асосий миқдорда кобальт Хитойда ёки Украинада ва ҳозирда ишлаб чиқариш имкони бўлмаган бошқа жойларда қайта ишланган.
Маблағларнинг бир қисми асосан Хитойда ишлаб чиқарилган ракета ёқилғиси ва портловчи моддаларда қўлланиладиган 27 та муҳим кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш учун АҚШ кимё компанияларига йўналтирилиши кутилмоқда.
"Агар улар [кимёвий моддалар] қуролда қўлланилиши керак бўлса, биз уларнинг Хитойдан келишини хоҳламаймиз", дейди Ди Стасио.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь