АҚШ Марказий Осиё билан шерикликни чуқурлаштириш ниятида – Байден Тўқаевни Наврўз билан табриклади

Олам

image

Америка расмийлари C5+1 (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ) форматидаги стратегик шерикликни чуқурлаштиришга интилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байденнинг Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга яқинлашиб келаётган Наврўз байрами муносабати билан йўллаган табрик телеграммасида сўз боради.

“Менинг маъмуриятим бизнинг стратегик шериклигимизни чуқурлаштириш ва бундан беш йил олдин Давлат котиби Жон Керри иштирокида бошланган C5+1 диалог жараёнини давом эттиришни мақсад қилган”, дейилади телеграммада.

Байден шунингдек, бу йил Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаётганига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. 

“Сизни ушбу воқеа билан табриклар эканман, ишонаманки, менинг маъмуриятим сиз ва Қозоғистон халқи билан ишлашга катта аҳамият беради. Биз кўп йиллар давомида ядро қуролини тарқатмаслик, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш соҳасида яқин шерикликни давом эттирмоқдамиз”, дейилади Байден телеграммасида.

Эслатиб ўтамиз, C5+1 форматидаги Ташқи ишлар вазирларининг сўнгги юзма-юз учрашуви ўтган 2020 йилнинг февраль ойи бошида АҚШнинг собиқ Давлат котиби Майкл Помпеонинг Евроосиёга сафари пайтида бўлиб ўтди. Учрашув давомида томонлар Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизлик истиқболлари ҳамда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди.

Маълумот ўрнида, Қўшма Штатлар ва Марказий Осиёнинг беш мамлакати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон 2015 йилда иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун C5+1 ўзаро алоқа форматини ўрнатган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Марказий Осиё C5+1 Байден Тўқаев

Баҳолаганлар

227

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг