АҚШ Мадурога ҳокимиятдан воз кечиши эвазига амнистия таклиф қилди – WSJ
Олам
−
12 Август
5530Америка Қўшма Штатлари махфий музокаралар чоғида Венесуэла Президенти Николас Мадуро ва унинг тарафдорларига 2025 йил январида ваколат муддати тугагунга қадар истеъфога чиқиши эвазига амнистия таклиф қилди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Уларнинг сўзларига кўра, гап 2020 йилда АҚШ Адлия вазирлиги Мадуро ва бошқа Венесуэла ҳукумати амалдорларига қарши қўйган наркотик-терроризмга алоқадорлик айбловларидан озод қилиш ҳақида бормоқда.
“Америка Қўшма Штатлари июль ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Мадуронинг мағлубиятга учрагани ҳақида ишончли далиллар борлигига ишончи комил бўлгани учун амнистия таклифи билан чиқди”, деб ёзади газета.
Манбаларга кўра, Қўшма Штатлар 2023 йилда Доҳадаги махфий музокаралар чоғида Президентга худди шундай шартларда амнистия таклиф қилган, бироқ Мадуро рад жавобини берган ва шундан бери унинг позицияси ўзгармаган. WSJ маълумотларига кўра, агар Трамп 2024 йилнинг ноябрида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлиги сайловларида ғалаба қозонса, у Мадурога нисбатан “тажовузкор сиёсатини” қайтадан бошласа, музокаралар тўхтатилиши мумкин.
2020 йил март ойида АҚШ Адлия вазири Уилям Барр Америка расмийлари Николас Мадурога, шунингдек, бошқа ҳукумат амалдорларига наркотик-терроризмга алоқадорликда айблов қўйганини эълон қилди. Бунга параллел равишда, АҚШ Давлат департаменти ишда иштирок этганлар, жумладан, Президентни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллардан 15 миллион долларгача пул мукофоти тайинлади.
28 июль куни Венесуэлада президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Миллий сайлов кенгаши протоколларнинг қарийб 97 фоизини кўриб чиққандан сўнг, сайловчиларнинг 51,95 фоизи амалдаги Президент Николас Мадурога, 43,18 фоизи эса унинг асосий рақиби, ўта ўнгчи мухолифатдан номзод Эдмундо Гонсалес Уррутиага овоз берганини маълум қилди.
Мухолифат етакчиларидан бири Мария Корина Мачадо сайлов куни Гонсалес жамоаси унинг сайловлардаги мағлубиятини тан олмоқчи эмаслигини айтди.
Россия, Боливия, Гондурас, Эрон, Хитой, Куба ва Никарагуа Венесуэланинг амалдаги Президентини ғалабаси билан табриклади. Аргентина, Доминикан Республикаси, Коста-Рика, Панама, Перу, АҚШ, Уругвай ва Чили каби қатор давлатлар Мадуронинг қайта сайланганини тан олмади.
Венесуэла расмийлари ушбу давлатлардан ўз дипломатларини чақириб олишаётгани ва ҳукуматдан ҳам худди шундай чоралар кўришни талаб қилишаётгани ҳақида хабар берди.
LiveБарчаси