АҚШ Киевга Тоmаhаwk бермоқчи
Олам
−
15 Октябрь 4805 2 дақиқа
АҚШ маъмурияти Украинага қурол-яроғ етказиб бериш ниятида. Бу ҳақда АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Мэтью Уитакер кеча, 14 октябрь куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Мэтью Уитакер Жанубий Европа давлатларини Киевни қўллаб-қувватлашда янада фаолроқ бўлишга, хусусан, “Украинанинг устувор эҳтиёжлари рўйхати” (ПУРЛ) механизми доирасида иштирок этишга чақирди. Мазкур рўйхат Европа ҳамкорлари ҳисобидан Киевга Америка қуролларини етказиб беришни кўзда тутади.
“Президент Трамп Украинага дунёдаги энг яхши қуролларни берди. Бу дастур Россияни музокара столига қайтариш учун муҳим”, дейди Уитакер.
Уитакернинг баёноти АҚШнинг Украинага узоқ масофали Tomahаwk қанотли ракеталарини бериш эҳтимоли ҳақида кечаётган мунозаралар фонида янгради.
“Украина бу ракеталарни олиши мумкин, агар Россия урушни тинч йўл билан ҳал қилишдан бош тортса. Менимча, россияликлар Тоmаhаwk ракеталарининг ўз томонларига учишини истамайди”, дейди АҚШ Президенти Дональд Трамп 13 октябрь куни.
Украина Президенти Владимир Зеленский эса, агар АҚШ Тоmаhаwk ракеталарини берса, улар фақат ҳарбий объектларга қарши ишлатилишини таъкидлади. Айтиб ўтиш жоизки, Зеленский 17 октябрь куни Вашингтонда Трамп билан учрашади.
Россия Президенти Владимир Путин эса АҚШ Украинага Тоmаhаwk ракеталарини берса, Москва Вашингтон билан муносабатларни узишини маълум қилди.
“Бу янги қурол тизимлари, жумладан, узоқ масофали юқори аниқликдаги тизимлар — Tomahawk’лар ҳақида гап. Бу бизнинг муносабатларимизни бузади ва ижобий ўзгаришларга барҳам беради”, дейди Путин 5 октяабрь куни “Россия 1” телеканалига берган интервьюсида.
Маълумот учун, Тоmаhаwk – АҚШда ишлаб чиқилган узоқ масофали қанотли ракета бўлиб, асосан, ерга қарши ҳужумлар учун мўлжалланган. У субсоник тезликда, тахминан Мач 0.7–0.8 (900 км/соат атрофида) учади ва 1 600 километргача масофадаги нишонларни уришга қодир. Ракетани кемалар ёки сувости кемаларидан учириш мумкин. Томаhаwк GPS, инерция ва рельефга асосланган навигация тизимлари орқали йўналтирилади, бу эса унга паст баландликда парвоз қилиб, душман радарларидан яшириниш имконини беради. Шу сабабли, у аниқ, узоқ масофали ва стратегик жиҳатдан муҳим қуроллардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп туркиялик мавқедоши Ражаб Тойиб Эрдўған Украинадаги можарони ҳал қилишга ёрдам бериши мумкинлигини айтганди.
Live
Барчаси