АҚШ Хитой авиациясидан хавотирга тушиб қолди
Олам
−
03 Июнь 2023
17179Хитойнинг АҚШ ва унинг иттифоқчилари самолётларини тутиб олиши Вашингтонни хавотирга солмоқда. Бу ҳақда бугун, 3 июнь куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Сингапурда давом этаётган “Шангри-Ла Диалоги” хавфсизлик конференциясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“ХХР халқаро ҳаво кенгликларида қонуний равишда учаётган АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг самолётларини қўрқитадиган ҳаракатлар давом этмоқда. Яқинда биз Хитой самолёти парвозини тажовузкор ва нопрофессионал тарзда амалга оширгани ҳақидаги яна бир хавотирли ҳолатни кўрдик”, деган Ллойд Остин.
Шунингдек, Пентагон раҳбари АҚШ ҳеч бир давлатнинг умумий сув йўлларини назорат қила олмаслиги учун ишлашни давом эттиришини, Жанубий Хитой денгизида ҳамкорлари билан навигация ва ҳавода парвозлар эркинлигини таъминлаш бўйича ишлашда давом этишини билдирган.
“Бизни денгизда ва халқаро ҳаво ҳудудида хавфли ҳаракатлар тўхтата олмайди”, деган Ллойд Остин.
Маълумот учун, АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги Хитой қирувчи самолёти Жанубий Хитой денгизи устида АҚШнинг RC-135 разведка самолёти яқинида агрессив манёвр қилганини эълон қилган. Америка томони Хитой Халқ Озодлик Армияси қирувчи самолёти RC-135 олдидан учиб ўтганини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Хитойни Америка ва бошқа Ғарб давлатларига қарши ҳарбий ҳаракатлар амалга оширганликда айблаган эди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг эса Қўшма Штатлар Хитой чегараларига кемалар ва разведка самолётларини юбориш билан боғлиқ провокацияларни тўхтатишга мажбур эканини таъкидлади ҳамда Пекин мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини қатъий ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришда давом этишини билдирди. Бундан ташқари, АҚШ Мудофаа вазирининг хитойлик мавқедоши билан “Шангри-Ла диалоги” хавфсизлик конференцияси доирасида учрашиш истаги ҳам Пекин томонидан рад этилди.
LiveБарчаси