АҚШ Харг оролига зарба берди
Олам
−
07 Апрель 8358 2 дақиқа
Бугун, 7 апрель куни Эроннинг асосий экспорт маркази ҳисобланган Харг оролида бир нечта портлашлар содир бўлди. Бу ҳақда “Mehr” хабар берди.
“Душман Харг оролига бир нечта ҳужумларни уюштирди ва оролда бир нечта портлаш овозлари эшитилди”, дейилади хабарда.
Харг ороли Форс кўрфазининг шимолий қисмида, Бушер провинцияси соҳилларидан тахминан 25–30 км узоқликда, Ҳормуз бўғозидан шимоли-ғарбда жойлашган. Унинг майдони тахминан 20 квадрат километр, узунлиги 8 километр, аҳолиси эса тахминан 8 минг кишини ташкил этади. Орол Эроннинг асосий экспорт хабидир: Эрон нефть экспортининг 90 фоизи шу ердаги терминал орқали ўтади. Нефть энг йирик конлардан қувурлар орқали келади, орол инфратузилмаси эса супертанкерларни юклаш (сув саёзлиги сабабли улар материк қирғоқларига яқинлаша олмайди) ва 30 миллион баррелгача хом ашёни сақлаш имконини беради. Ушбу мажмуа 1960-йилларда Миллий Эрон нефть компанияси томонидан Американинг “Amoco” компанияси билан ҳамкорликда яратилган.
Жорий йилнинг март ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп Харг оролидаги ҳарбий объектлар йўқ қилинганини эълон қилиб, ушбу ҳужумни “Яқин Шарқ тарихидаги энг кучли бомбардимонлардан бири” деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, “одоб юзасидан” у оролдаги нефть инфратузилмасини йўқ қилмасликка қарор қилган. Бироқ Оқ уй раҳбари “агар Эрон ёки бошқа биров Ҳормуз бўғози орқали кемаларнинг эркин ва хавфсиз ўтишига тўсқинлик қиладиган бирор ҳаракат қилса”, бу қарорни дарҳол қайта кўриб чиқиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бунга жавобан, Эрон энергетикасига ҳужум қилинган тақдирда, “минтақадаги АҚШ ва унинг иттифоқчилари манфаатдор бўлган барча нефть ва газ объектлари олов ичида қолади ва йўқ қилинади”, деб таҳдид қилган.
“The Wall Street Journal” нашри Вашингтон Ҳормуз бўғозини очиш учун Эроннинг жанубий қирғоқларидаги бир ёки бир нечта оролларни, жумладан, Харгни эгаллаш учун денгиз пиёдаларини жалб қилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.
Бугун, 7 апрель куни Америка етакчиси томонидан Эрон энергетика инфратузилмасига зарба бериш бўйича берилган сўнгги муҳлат тугайди.
Live
Барчаси