АҚШ Қизил денгизда яна ҳусийларнинг ракетасини уриб туширди

Олам

image

Бугун, 31 январь куни Ямандаги ҳусийлар Қизил денгиздаги АҚШ ҳарбий кемасини бир нечта ракета билан ўққа тутганини эълон қилди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Яҳё Сария ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳусийлар АҚШ ва Британия кемаларига ҳужумларини давом эттиришни режалаштирган. 

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) кемага қилинган ҳужумни тасдиқламади, бироқ ҳусийлар томонидан 31 январь куни Қизил денгиз йўналишида учирилган ракета Американинг USS Gravely кемаси томонидан уриб туширганини маълум қилди.

Қайд этиш жоизки, Ғазо секторида можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштириш ва уруш тугагунга қадар улар билан боғлиқ кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига йўл қўймасликларини айтган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳусийлар ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталаридан бери Қизил денгиз ва Адан кўрфазида 30 дан ортиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.

Бунга жавобан АҚШ, Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшель ороллари ва Франция каби давлатлар ҳусийларга қарши Prosperity Guardian операциясини эълон қилди. АҚШ ва Буюк Британия икки марта қўшма операция ўтказиб, Яман ҳудудидаги нишонларга зарба берди. Бундан ташқари АҚШ бир неча бор ҳусийларга ҳужум қилди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ америкалик расмийларга таяниб, “Financial Times” нашри АҚШ Хитойдан Эронни ҳусийларга таъсир ўтказишга ундашни сўрагани, аммо Пекиндан арзирли жавоб бўлмаганини хабар қилганди. Кейинчалик, “Reuters” агентлиги Эрондаги манбаларига таяниб, Хитой Эрондан Ямандаги ҳусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларини тўхтатишда ёрдам сўраганини ёзди. Ямандаги ҳусийлар вакили эса ҳаракат Қизил денгиздаги Россия, Хитой ёки Германия кемаларига ҳужум қилиш ниятида эмаслигини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яман ҳусийлар Қизил денгиз USS Gravely

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг