АҚШ Қирғизистонни қатъий огоҳлантирди. Жапаров бунга нима дейди?
Олам
−
09 Август 2023
31622АҚШ Сенатининг Ташқи ишлар қўмитаси раиси Роберт Менендес Қирғизистонни Россияга қарши санкцияларга эҳтиёткорлик билан риоя қилмаётганликда айблади. У Президент Садир Жапаровга мактуб йўллаб, Москвага нисбатан чеклов чораларига яхшироқ риоя қилишини сўради. Бу ҳақда “Kabar” агентлиги хабар берди.
“Сизга Қирғизистон Республикаси ҳукумати Россия Федерациясига халқаро санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берганликда айбланаётгани ҳақида чуқур ташвиш билан ёзяпман”, дейилади мактубда.
АҚШ сенатори Бишкек имкон қадар тезроқ бу масала бўйича текширув ўтказиши ва Россияга ноқонуний товарлар оқими мамлакат ҳудуди орқали ўтмаслигини диққат билан кузатиши кераклигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Менендес Қирғизистон ҳукуматини демократик институтларни заифлаштирганликда, журналистлар ҳуқуқларини поймол қилишда ва фуқаролик жамияти вакиллари фаолиятини чеклашда айблаган. Сенатор ўз мурожаатида Бишкекнинг тезкор жавобини кутаётганини айтган.
Менендес хоҳлаганидек, Бишкекнинг жавоби узоқ кутилгани йўқ. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров АҚШ сенаторининг мактубини Бишкекка босим ўтказишга уриниш, деб баҳолади.
"Сенаторнинг мактубига келсак, менга кўплаб таниқли сиёсатчилардан мактублар келади. Мен буни Қирғизистонга босим ўтказиш ва бизни ўз тарафига тортиш учун оддий баҳона деб биламан. Лекин биз бунга йўл қўймаймиз. Биз мустақил давлатмиз. Биз бундан кейин ҳам барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли муносабатларга эга бўламиз, кўп векторли ташқи сиёсат олиб борамиз”, дейди Жапаров.
Шунингдек, Президент Россия ва Хитой Қирғизистоннинг ёрдамига муҳтож эмаслигини қўшимча қилган.
"Бу давлатлар шундоқ ҳам қўшнимиз. Улар билан 4000 километрлик умумий чегара бор. Россия истаса, денгиз орқали ёки вагонда хоҳлаган юкини олиб келиши мумкин", деган Қирғизистон раҳбари.
Шу билан бирга, Жапаров Қирғизистон компаниясига тегишли дрон кўринишидаги юк Қозоғистонда қўлга олинганини инкор этмаган. Унинг айтишича, компания бу дронлар қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланганини тушунтирган. Шунга қарамай, Бишкек ҳозирда дрон ва учувчисиз қурилмалар экспортини тақиқлаган.
Эсалатиб ўтамиз, ўтган ойда АҚШ Россиянинг ҳарбий-саноат секторига, илм-фан, банклар ва тоғ-кон саноатига қаратилган янги санкциялар пакетини эълон қилган ва бу галги “қора рўйхат”га 3 та Қирғизистон корхонаси ҳам киритилганди.