АҚШ Қатар билан яширинча келишиб олди – CNN 

Олам

image

Қўшма Штатлар Қатар билан Яқин Шарқдаги энг йирик Ал-Удейд ҳарбий ҳаво базасини ишлатиш бўйича келишувни махфий равишда яна 10 йилга узайтирди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, CNN хабар берди.

Тегишли маълумотни телеканалга Пентагоннинг уч вакили ва исми ошкор этилмаган бир амалдор тасдиқлаган. Материалда қайд этилишича, Қатар пойтахти Доҳанинг жануби-ғарбидаги чўлда жойлашган Ал-Удейд авиабазаси 10 мингдан ортиқ аскарни сиғдира оладиган АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий иншооти ҳисобланади. Шунингдек, у Қатар ва Британия ҳаво кучлари контингентини ҳам қабул қилади.

CNN бир ой олдин ушбу базага ташрифи чоғида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин келишувни узайтириш ҳақида гапирмаганини пайқаган. Президент Жо Байден маъмурияти ҳам буни ошкор қилмади. 

“Келишув Ироқ, Сурия ва Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳлар томонидан таҳдидлар кучайиб бораётган бир пайтда АҚШнинг минтақадаги иштирокини кучайтириш контекстида узайтирилди”, деб таъкидлайди телеканал.

Пентагон маълумотларига кўра, 17 октябрдан буён Сурия ва Ироқдаги АҚШ қўшинларига 66 марта ҳужум қилинган. Сурия ҳудудида 900 га яқин, Ироқда эса 2,5 минг америкалик аскар жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 26 декабрь куни АҚШ Президенти Жо Байден Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга қўнғироқ қилиб, Ғазо секторидаги вазият ва Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қатар ҳарбий база

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг