АҚШ иттифоқчиларини Хитойга қарши санкциялар киритишга тайёрламоқда – “Reuters”
Олам
−
02 Март 2023
4685Америка Қўшма Штатлари ўз иттифоқчиларини агар Хитой Россияга ёрдам берса, унга нисбатан санкциялар жорий этишга қанчалик тайёрлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 1 март куни "Reuters" агентлиги АҚШ расмийлари ва бошқа манбаларга таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШнинг мазкур масала бўйича маслаҳатлашувлари дастлабки босқичда ва у биринчи навбатда G7 мамлакатларига катта эътибор қаратмоқда. Бироқ ҳозирча қандай чекловлар қўллаш имкони борлиги очиқланмаган ва бу борада ҳали келишувга эришилмаган.
Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари билан маслаҳатлашган мамлакатлардан бирининг вакили Хитойнинг Россияга ҳарбий ёрдам бериш бўйича эҳтимолий ниятини кўрсатиши мумкин бўлган разведка маълумотлари тақдим этилганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Пекин уруш вақтида Москвага ёрдам берса, унга қарши санкциялар жорий этишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, агар Хитой Россия Федерациясига қурол-яроғ билан ёрдам беришга қарор қилса, Пекиннинг АҚШ ва дунёнинг бошқа мамлакатлари билан муносабатлари жиддий муаммоларга дуч келади. Хитой тарафи эса АҚШнинг бундай айблов ва таҳдидларига тоқат қилмаслигини билдирганди. Шунингдек, Хитой Украинага ўлим қуролларини жойлаштиргани учун Вашингтондан изоҳ талаб қилганди.
LiveБарчаси