АҚШ Исроилнинг Рафаҳга ҳужумига қарши – Блинкен
Олам
−
13 Май
3174АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил мудофаа вазири Йоав Галлантни блокададаги Ғазо секторига ёрдам оқимини осонлаштиришга чақирди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Блинкен Исроил Мудофаа вазири билан телефон орқали мулоқот қилган. Давлат котиби телефон орқали суҳбат чоғида АҚШнинг Исроил хавфсизлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади ва ҲАМАСни мағлуб этишда Исроил билан бир сафда эканини айтди.
Блинкен Ғазо секторидаги вазиятга тўхталар экан, Қўшма Штатлар Фаластин анклавининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрига кенг кўламли ҳужумга қарши эканини яна бир бор таъкидлади.
Шунингдек, Давлат котиби Галлантни тинч аҳоли ва ёрдам ходимларига ҳужум қилишдан қочишга ва блокададаги эксклавга гуманитар ёрдам оқимини осонлаштиришга чақирди.
Ўз навбатида, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШнинг Ғазо сектори жанубидаги блокададаги Рафаҳ шаҳрига Исроилнинг қуруқликдаги кенг кўламли ҳужумидан жиддий хавотирларини яна бир бор такрорлади.
Оқ уйнинг билдиришича, Салливан исроиллик ҳамкасби Цахи Ханегби билан телефон орқали мулоқот қилган. Салливан 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумини унутмаганликларини ва Исроилни ҲАМАСга қарши курашда қўллаб-қувватлашлари собит эканини айтди.
Суҳбатда америкалик мулозим АҚШ Президенти Жо Байденнинг Вашингтон Рафаҳга кенг кўламли қуруқлик ҳужумига қарши эканлиги ҳақидаги позициясини таъкидлади.
Исроил Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Ҳанегби эса Тель-Авив АҚШнинг бу борадаги хавотирлари ва хабарларини ҳисобга олганлигини айтди.
Салливан Исроилга тинч аҳолига зарар етказмасдан, Ғазо секторида ҲАМАС аъзоларига ҳужум қилишнинг “муқобил усуллари” ҳақидаги фикрларини етказди.
Қайд этиш жоизки, Исроил кўплаб мамлакатларда салбий муносабатига қарамай, Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҳарбий амалиёт ўтказмоқда. АҚШ Президенти Жо Байден Исроил бу шаҳарда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошласа, Америка ҳарбий ёрдамини тўхтатиш билан таҳдид қилди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Рафаҳда Ғазо секторидаги жанглардан қочган бир миллиондан ортиқ тинч аҳоли истиқомат қилади ва агар кенг кўламли жанглар бўлса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху исроилликлар керак бўлса якка ўзи жанг қилишга тайёрлигини билдирганди. Исроил ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси эса 9 май оқшомида Рафаҳ шаҳридаги амалиётни кенгайтиришга қарор қилди. АҚШ Давлат департаменти Исроил Ғазо секторида Америка қуролларини қўллаш орқали халқаро қонунларни бузган бўлиши мумкин эканини айтди.
Муқаддасхон Саттарова
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15