АҚШ Исроилни фаластинликларга қарши қуруқликдан ҳужум қилмасликка кўндирди
Олам
−
19 Май 2021
7526Қўшма Штатлар Исроилни Ғазо секторига қуруқликдан ҳужум қилмасликка кўндирди. Бу ҳақда кеча, 18 май куни “Politico” нашри Вашингтон маъмуриятидаги манбаларига асосланиб хабар берди.
Нашр манбасининг таъкидлашича, Исроил узоқ муддатли можарони келтириб чиқариши мумкин бўлган “қуруқликдаги босқинчилик операциясидан” атиги бир қадам нарида бўлган. АҚШнинг аралашуви билан Исроил ҳукумати ушбу режалардан воз кечган.
Хабарга кўра, расмий Вашингтон Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятнинг якунланишидан умидвор. АҚШ расмийлари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва унинг ёрдамчиларини Фаластинга қарши ҳарбий операцияни тугатишга чақирган. Айнан шундан сўнг, Нетаньяху олдинда яна бир неча кунлик жанговар ҳаракатлар қолганини эълон қилган.
“АҚШ расмийлари Ғазо секторига зарбаларни тўхтатиш ҳақидаги расмий талаблардан ва можарони БМТ Хавфсизлик Кенгаши орқали ҳал қилишга бўлган уринишдан қочиб, Исроилга билвосита босим ўтказиш стратегиясини танлади”, дейилади хабарда.
Шунга қарамай, вазият олдиндан айтиб бўлмайдиган кескинликни сақлаб қолмоқда. Бундай ҳолатда агар томонлардан бири қарама-қаршиликни кучайтирса, сулҳ тузиш бўйича барча ҳаракатлар бекор бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, АҚШ Ғазога гуманитар ёрдам юборишни ҳам ўйламоқда. Расмий Вашингтонга кўра, икки ўртадаги можаро босқичма-босқич ҳал бўлиши мумкин.
Аввалроқ АҚШнинг Демократлар партиясидан бўлган 30 га яқин сенатори ушбу можаронинг ҳар икки томонини ҳам ўқ узишни тўхтатишга чақирган эди.
Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши
Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.
Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.
Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.
Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 126 араб ҳалок бўлди, 1000 га яқин жароҳат олди.
Халқаро муносабат
Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатларнинг баъзи иштирокчилари ушбу масалада фақат тил учида муносабат билдирган бўлса, бошқалари Исроилни ҳатто террорда айблади.
Айниқса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор исломий давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди.
Эрдўған Фаластин давлатининг инқрозига бугун тўхталаётгани йўқ. У аввалдан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу мавзуга қаратиб келган. Жумладан, 2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади. Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган эди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.
Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади. Шунингдек, Эрон ҲАМАС ташкилотини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Исроилнинг “тутинган акаси” АҚШ эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Хитой эса бу вазиятда Фаластиннинг ёнидан жой олишини эълон қилди.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга, Ўзбекистон эса ушбу масжид дахлсизлигини таъминлашга чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь