АҚШ Исроил вазирининг Ал-Ақсога боришини қоралади
Олам
−
04 Январь 2023
9724АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг Ал-Ақсо масжидига ташрифини шарҳлар экан, Қўшма Штатлар Қуддусдаги муқаддас жойларга нисбатан тарихий статус-квони сақлаб қолиш тарафдори эканини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Қуддусдаги муқаддас қадамжоларнинг тарихий мақомига путур етказадиган ҳар қандай бир томонлама ҳаракатлар қабул қилиниши мумкин эмас.
Прайснинг қайд этишича, Бен Гвир Ал-Ақсо ҳудудига, бу тарангликни кучайтириши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай, кириб келган.
"Биз кескинликни кучайтириши мумкин бўлган ҳар қандай бир томонлама ҳаракатлардан хавотирдамиз", дейди Прайс брифингда.
Давлат департаменти вакили вазиятни кескинлаштиришга қарши чоралар кўришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, ўзининг провокацион ҳаракатлари билан машҳур бўлган Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир кеча, 3 январь куни эрталаб Ислом муқаддас маскани – босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига кирди. Бен Гвирга Исроил полицияси ходимлари ҳамроҳлик қилиб, Ҳарами Шарифга (Маъбад тоғига) бордилар.
Миллий хавфсизлик вазири Исломнинг учинчи муҳим зиёратгоҳи ҳудудига кириб келган беш йил ичида Исроил Вазирлар Маҳкамасининг биринчи аъзоси бўлди.
Вазирнинг хатти-ҳаракатлари мусулмон диндорларнинг эътирозига сабаб бўлиб, босиб олинган Фаластин ҳудудларида кескинликни оширди.
Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Қатар ва Қуват, БАА ва Туркия Исроил Миллий хавфсизлик вазирининг ҳаракатларини қоралади.
Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.
Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.
Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.
Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.
Маълумот учун, 2022 йилнинг май ойида Исроил-Фаластин можароси кескинлашиб, тўқнашувлар бошланганди. 7 май куни бошланиб, 11 кун давом этган ўзаро ҳаво ҳужумлари натижасида Ғазо секторида яшовчи 232 нафар араб ҳалок бўлган ва 1900 га яқини жароҳат олган. Исроилда эса 12 нафар инсон вафот этган, юзлаб одамлар яраланган.
LiveБарчаси