АҚШ Исроил Рафаҳда қирғин қилаётганига ишонмаяпти

Олам

image

Агар Исроил армияси Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳда йирик операция ўтказса, АҚШ бу мамлакатни қўллаб-қувватлаш борасида турли қарорлар қабул қилиши керак бўлади, бироқ бу ҳали амалга ошмади. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби журналистлар учун ўтказилган навбатдаги брифингда маълум қилди. 

“Биз Рафаҳда йирик қуруқликдаги операцияни қўллаб-қувватламадик ва қўлламаймиз. Ва биз бу масалада доим шу фикрда бўлдик. АҚШ Президенти Жо Байден агар шундай бўладиган бўлса, уни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан турли қарорлар қабул қилишига тўғри келиши мумкинлигини айтди. Ҳозирча бундай бўлганини кўрмадик”, дейди Кирби. 

Исроил армияси 26 май куни Рафаҳга уюштирган зарбаси АҚШнинг Исроилга ёрдами ўзгаришига олиб келиши мумкинми деган саволга Оқ уй воизи шундай жавоб қилди:  

“Бу масала бўйича АҚШ сиёсатида мен хабар беришим мумкин бўлган ҳеч қандай ўзгариш йўқ”. 

27 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Рафаҳга зарба берди. Тал ас-Султон ҳудудидаги БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлигининг Яқин Шарқдаги омбори ёнида ўрнатилган чодир лагерига камида саккизта ракета билан ҳужум қилинди. 

Чодирлар шаҳарчасида ёнғин содир бўлди. Фаластиннинг WAFA агентлиги тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Бош штабнинг фактларни аниқлаш аппарати Рафаҳ ҳужуми ҳудудида тинч аҳолининг ўлими ҳолатларини текширишни бошлаганини маълум қилди. 

24 май куни Халқаро жиноий суд Жанубий Африканинг даъвосига жавобан қарор қабул қилди, унга кўра Исроил Рафаҳдаги ҳужумни ва шаҳар аҳолисига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни тўхтатиши керак. Суд, шунингдек, Исроил томонини Фаластин аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун Рафаҳ назорат пунктини очиқ қолдиришга мажбур қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Ғазо сектори Рафаҳга ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг