АҚШ ва Ироқ ИШИДни илдизи билан йўқ қилишга келишиб олди
Олам
−
16 Июль 2022
5684АҚШ Президенти Жо Байден Саудия Арабистонига сафари чоғида, бугун, 16 июль куни Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Козимий билан учрашди. Томонлар ИШИД террорчилик ташкилотини ниҳоят мағлуб этиш учун хавфсизликни мувофиқлаштиришни давом эттириш ниятини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда учрашув якунлари бўйича Ироқ Бош вазири девони эълон қилган қўшма баёнотда айтилади.
“Раҳбарлар томонлар келишиб олган стратегик асосга мувофиқ Ироқ ва Қўшма Штатлар ўртасида кучли икки томонлама ҳамкорликка содиқликларини ҳамда ИШИД ўзининг аввалги фаолияти даражасига қайтмаслигини таъминлаш учун хавфсизликни мувофиқлаштиришни давом эттириш қатъиятини тасдиқладилар”, дейилади баёнотда.
АҚШ Президенти, шунингдек, Ироқнинг ташқи ва ички таҳдидларга қарши тура олиши Яқин Шарқда тинчликни сақлашнинг муҳим шарти эканини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, икки давлат раҳбарлари Ироқ демократик институтларини мустаҳкамлаш зарурлигига ишора қилдилар, бу баёнотда таъкидланганидек, бу Ироқ ва минтақада хавфсизлик ҳамда барқарорликка эришишга ҳисса қўшади.
“Икки давлат раҳбарлари хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича яқин ҳамкорлик, шунингдек, терроризмга қарши курашда Ироқни умумий қўллаб-қувватлаш ИШИДнинг якуний мағлубиятини таъминлашнинг муҳим омиллари эканига келишиб олдилар. Президент Байден Ироқнинг ИШИД жангариларини жиноий жавобгарликка тортиш ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда АҚШ Президенти Жо Байден Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб турибди. У кеча, 15 июль куни Исроилга сафарини якунлаб, Жиддага етиб келди ва Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳамда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ўтказди.