АҚШ иммиграция хизмати бир кунда қарийб 1,2 минг кишини ҳибсга олди
Олам
−
28 Январь
2546АҚШ иммиграция хизмати бир кунда қарийб 1,2 минг кишини ҳибсга олди. Уларнинг деярли ярми илгари судланмаган. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятидаги амалдорга таяниб, NBC News телеканали хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, АҚШ Божхона ва чегара назорати хизмати (ICE) ходимлари жорий йил 26 январь куни жами 1 179 кишини ҳибсга олган. Бу эса расмий Х платформасида эълон қилинган 956 киши ҳақидаги маълумотдан анча кўп. Телеканалнинг қайд этишича, ҳибсга олинганларнинг 613 нафари (яъни 52 фоизи) жиноят содир этганликда айбланган. Қолганлари эса зўравонлик билан боғлиқ жиноят содир этмаган ёки фақатгина ноқонуний равишда чегара кесиб ўтиш каби қоидабузарлик қилган.
“The Washington Post” газетаси манбаларига кўра, кеча, 27 январь куни Трамп маъмурияти ICE ходимларига иммиграция қонунларини бузган шахсларни кунлик ҳибсга олиш кўрсаткичларини бир неча юздан 1 200-1 500 кишигача оширишни буюрган.
Олдинроқ АҚШ Ички хавфсизлик департаменти ҳуқуқ-тартибот органларига ноқонуний мигрантларни иммиграция судининг қарорисиз, яъни тезлаштирилган тартиб асосида депортация қилиш ваколатини кенгайтирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колумбия ҳукумати Дональд Трампнинг савдо ва визага алоқадор таҳдиди остида АҚШ томонидан депортация қилинган муҳожирларни шартсиз қабул қилишни маъқуллаган эди.