Колумбия АҚШдан ноқонуний муҳожирларни қабул қилади
Олам
−
27 Январь
2324Колумбия ҳукумати АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилган барча шартларни, жумладан, АҚШ томонидан депортация қилинган муҳожирларни шартсиз қабул қилишни маъқуллади. Бу ҳақда Оқ уй баёнот берди.
“Колумбия ҳукумати Президент Трампнинг барча шартларини, шу жумладан АҚШ томонидан ҳарбий самолётларда депортация қилинадиган барча ноқонуний мигрантларни чекловларсиз ва кечиктирмасдан қабул қилишни маъқуллади”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, Колумбия расмийларига қарши визавий чекловлар ва бу давлат фуқаролари ҳамда юклари учун кучайтирилган чегара назорати биринчи гуруҳ депортация қилинган мигрантларни қабул қилишгача сақланиб қолади.
Баёнотга кўра, агар Колумбия ҳукумати мигрантларни қабул қилиш бўйича келишув шартларини бажармаса, савдо божхона тарифлари ва санкцияларни жорий этиш лойиҳаси имзоланади.
Маълумот учун, кеча, 26 январь куни Колумбия Президенти Густаво Петро АҚШ ҳарбий самолётларининг депортация қилинган колумбиялик мигрантлар билан мамлакат ҳудудига қўнишини тақиқлаганди. Бунга жавобан Трамп АҚШ Колумбияга қарши визавий ва молиявий санкцияларни, шунингдек, Колумбия маҳсулотларига 25 фоиз миқдорида савдо божларини жорий этишини эълон қилди. Америка раҳбари бир ҳафта ичида бу божлар 50 фоизга оширилишини ва бу “фақат бошланиши” эканини таъкидлади.
Дональд Трамп қаттиққўл антимиграция сиёсати билан танилган ва сайловларда ғалаба қозонишидан олдин ҳам "жиноятчиларни чиқариб юбориш учун Америка тарихидаги энг йирик депортация дастурини бошлаш"га ваъда берган эди. У президентликнинг биринчи кунида АҚШда бошпана сўровчилар учун чегарани кесиб ўтишга имкон берган CBP One иловасини ёпишни буюрди. 23 январь куни Трамп ноқонуний муҳожирларга АҚШ-Мексика чегарасидан ўтишни тақиқлаб, давлат идораларига бундай йўл билан мамлакатга кирганларни депортация қилиш ваколатини берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) бўлими иммигрантларга мамлакатда вақтинча яшаш имконини берувчи бир қатор дастурларни тўхтатиш бўйича кўрсатма бергани хабар қилинган эди.