АҚШ фуқароси бир вақтда ҳам коронавирус, ҳам маймун чечаги юқтириб олди
Олам
−
23 Июль 2022
5724Американинг Калифорния штатидаги Себастопол шаҳрида яшовчи Митчо Томпсон бир вақтнинг ўзида коронавирус ва маймун чечагини юқтирди. Бу ҳақда “The New York Post” ёзмоқда.
Томпсоннинг сўзларига кўра, у июнь ойи охирида коронавирус учун ижобий синовдан ўтган ва шундан сўнг у орқа, оёқлари, қўллари ва бўйнида майда қизил доғларни сеза бошлаган. Қайтадан тест топширганида шифокор унинг COVID-19 ва маймун чечаги билан касалланганини тасдиқлаган.
Беморнинг айтишича, бир вақтнинг ўзида иккита вирус унда грипп билан оғригандек тасаввур уйғотган. Касаллик пайтида иситма, нафас қисилиши, титроқ, тана оғриғи, терида тошмалар кузатилган. Томпсон доимо суюқлик ичгиси келганини айтган.
Стенфорд университети юқумли касалликлар бўйича мутахассиси доктор Дин Уинслоу бундай ҳолатлар бўлиши мумкинлигини тан олган ва уларни “ақл бовар қилмайдиган омадсизлик” деб атаган.
Маълумот ўрнида, маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, лимфа тугунлари шишиши, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юз ва тананинг бошқа қисмларида тери тошмаси ҳам пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, маймун чечаги эпидемияси учун ўлим даражаси одатда 1 фоиздан 10 фоизгача, ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади.