АҚШ Форс кўрфазига ҳарбий самолёт ташувчи кемасини юборди

Олам 5037
image

АҚШ Ироқ ва Афғонистондаги қўшинлари сонини камайтириш режаси фонида Форс кўрфазига USS Nimitz самолёт ташувчисини юборди. Бу ҳақда CNN ҳарбий манбаларига таяниб хабр бермоқда. 

Манбага кўра, самолёт ташувчисини Форс кўрфазига қайтариш тўғрисидаги қарор эронлик ядро физиги Мохсен Фахризоданинг ўлдирилишидан олдин ҳам қабул қилинган. USS Nimitz билан бирга минтақага яна бир нечта кемалар юборилади.

АҚШ Мудофаа вазири Кристофер Миллер 2021 йилнинг 15 январига қадар Афғонистондаги Америка контингенти 4,5 мингдан 2,5 мингга, Ироқда ҳам 2,5 минг нафарга камайишини айтди. Кейинчалик, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О'Брайен АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трамп Ироқ ва Афғонистондаги қўшинларини 2021 йил майигача қайтаришни режа қилаётганини айтди.

Шунингдек, бир неча оммавий ахборот воситаларида Пентагонга 20 январь куни ўтказилиши кутилаётган янги Президент Жо Байденнинг инаугурацияси олдидан Афғонистон ва Ироқдан қўшинларни олиб чиқиб кетишни тезлаштириш буюрилгани ҳақида ёзилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳукумати Эронга қарши бир томонлама санкциялар рўйхатини кенгайтиргани хабар қилинганди. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланди. Сулҳга кўра, АҚШ 19 йил деганда ўз ҳарбий кучларини афғон диёридан олиб чиқиб кетиши, “Толибон” ҳам қуролли ҳаракатларни тўхтатиши белгиланди. 

Сулҳ асосида афғонлараро музокаралар бошлангунга қадар Кобул қамоқхоналарида сақланаётган 5000 га яқин толиблар ва радикаллар томонидан ушлаб турилган 1000 га яқин тинч аҳоли вакиллари озод қилиниши шарт эди. Ўзаро шартлар бажарилди.

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланди.

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 133
Рейтинг: 2.9
t
×