АҚШ фақат Россия ва Хитойда бор қуролга қарши восита ишлаб чиқармоқчи

Олам 9393
image
-

Қўшма Штатлар гипертовушли қуролларга қарши кураш воситаларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Кэтлин Хикс брифингда маълум қилди.

“Тафсилотларига тўхталмасдан, шуни айтиб ўтаманки, биз бошқа нарсалар қатори гипертовушли қуролларга қарши кураш воситаларига ҳам сармоя киритмоқдамиз, чунки биз бошқа давлатлар улардан фойдаланишидан ўзимизни ҳимоя қила олишимизга ишонч ҳосил қилишни истаймиз”, дейди вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ҳам ўзининг гипертовушли қуролларини яратиш устида фаол ишламоқда ва истиқболли ривожланишга эришади.

АҚШ ўзининг гипертовушли ракетасини яратгани 2020 йил май ойида маълум бўлганди. Ўша пайтдаги АҚШ Президенти Дональд Трамп қуролни “супер-пупер” (super duper), деб таърифлаган. Трамп кейинроқ АҚШ ҳарбийлари томонидан ишлаб чиқилаётган ракета ҳозирда дунёдаги энг тез деб ҳисобланган ракетадан 17 баробар тезроқ бўлишини ва 1,6 минг км масофадаги нишонларни уриб тушириши мумкинлигини айтган.

Американинг Raytheon Technologies Corp. компанияси июль ойи ўрталарида гипертовушли қуролларнинг муваффақиятли синовдан ўтганини эълон қилди. Компания маълумотларига кўра, қурол 5 Мах ва ундан юқори (1 Мах - 1224 км/соат) гипертовуш тезлигига эриша олади. Тизим углеводород ёқилғиси билан ҳаракатланади ва у ёниш учун кислород ишлатганлиги сабабли, борт оксидловчига муҳтож эмас.

Ҳозирда Россия ва Хитойда гипертовушли қуроллар мавжуд. 2018 йилда Президент Владимир Путин Москвада “Кинжал” ва “Авангард” гипертовушли ракеталари борлигини эълон қилган эди. Ўтган йилнинг май ойида у “Циркон” гипертовушли ракета тизимининг синовлари якунлангани ҳақида ҳам маълум қилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 331
Рейтинг: 3
Теглар
t
×