АҚШ эсминецларини гипертовушли ракеталар билан кучайтирмоқчи
Олам
−
22 Октябрь 2020
5830АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари барча эсминецларни гипертовушли ракеталар билан жиҳозлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Defense News АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт О’Браенга асосланиб хабар берди.
“Ушбу имконият аввал Виржиния туридаги сўнгги сувости кемалари ва Замвалт туридаги эсминецларимизга ўрнатилади. Кейинчалик, Арли Берк тури каби уч сериядаги эсминецлар ҳам шундай имкониятга эга бўлади”, деди Роберт О’Браен Мейндаги Портсмут денгиз кемалари заводида.
Октябрь ойи ўрталарида АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер Пентагон 2023 йилгача армияга гипертовушли қурол етказиб беришни режалаштираётганини эълон қилган эди.
Айни пайтда АҚШ бир нечта гипертовушли ракеталар устида изланиш олиб бормоқда. Пентагон бу борада Россия ва Хитойдан ортда қолганини тан олиб бўлган.
АҚШ Конгресси Тадқиқот хизматининг “Гипертовушли қуроллар: тарих ва муаммоларʼʼ ҳисоботида таъкидланишича, Американинг истиқболли гипертовушли ракеталари ядровий бўлмаслиги ҳисобига ракетанинг нишонни аниқ уриш даражасига кўпроқ урғу берилади.
Қайд этиш керакки, АҚШ Президенти Дональд Трамп омма олдидаги нутқларида кўп бор мамлакати Россия ва Хитойда йўқ қуролга эга эканини айтиб келяпти. Аммо у қурол қаерда, қандай қудратга эга номаълум. Бу борада у маълумот бермаган.
LiveБарчаси