АҚШ эртага Эрон билан музокара ўтказади – ОАВ

Олам

image

АҚШ делегацияси ва воситачилар эртага, 26 март куни Эрон билан юқори даражадаги музокаралар ўтказиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда махфий манбаларга таяниб, “Axios” нашри хабар берди.

Агар учрашув тасдиқланса, унда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам иштирок этиши мумкин.

Манбаларга кўра, АҚШ Эрон томонига эҳтимолий келишув бўйича 15 банддан иборат таклиф тақдим этган. Бу таклифга аввал Женевада ўтказилган музокараларда илгари сурилган айрим талаблар ҳам киритилган. Хусусан, АҚШ Эрон юқори даражада бойитилган уран захираларидан воз кечиши, БМТ инспекцияларини кучайтириши, баллистик ракеталар учиш масофасини чеклаши ва минтақадаги иттифоқчи қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашни камайтиришини кутмоқда.

Исроил манбаларига кўра, Бош вазир Биньямин Нетаньяху эҳтимолий келишув Исроил манфаатларига тўлиқ мос келмаслигидан хавотирда. Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти Эрон билан алоқа каналлари ҳали ҳам ишончсиз эканини ва Теҳрон ичида қарор қабул қилиш жараёни мураккаб эканини тан олмоқда.

Ҳозирда Вашингтон Эрон томонидан жавоб кутмоқда. Манбаларга кўра, воситачилар батафсил музокаралар ўтказиш учун вақтинчалик ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган, бироқ Оқ уй бу таклифни рад этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ядровий қуролдан воз кечишга рози бўлганини маълум қилганди. Трампнинг сўзларига кўра, ҳозир АҚШ Эрон билан музокаралар олиб бормоқда. У Эрон келишув тузишга қизиқаётганини таъкидлаб, мамлакатнинг ҳарбий инфратузилмаси жиддий зарар кўрганини айтган: флот, авиация ва алоқа тизимлари йўқ қилинганини даъво қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Жей Ди Вэнс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг