Эрон ядро қуролидан воз кечишга рози бўлди – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ядровий қуролдан воз кечишга рози бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда у Оқ уйда журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Мен айтгандим – уларда ядровий қурол бўлмайди ва бўлмайди ҳам. Улар бунга рози бўлди – уларда ҳеч қачон ядровий қурол бўлмайди”, деган Трамп.

Трампнинг сўзларига кўра, ҳозир АҚШ Эрон билан музокаралар олиб бормоқда. У Эрон келишув тузишга қизиқаётганини таъкидлаб, мамлакатнинг ҳарбий инфратузилмаси жиддий зарар кўрганини айтган: флот, авиация ва алоқа тизимлари йўқ қилинганини даъво қилган.

Шунингдек, музокараларда АҚШ томонидан Давлат котиби Марко Рубио ва вице-президент Жей Ди Вэнс иштирок этаётганини билдирган. Бироқ Эрон томонидан айнан ким қатнашаётганига аниқлик киритмаган. Унинг айтишича, АҚШ “тўғри одамлар” билан алоқада.

Эслатиб ўтамиз, 23 март куни Трамп Эрон билан “самарали музокаралар”дан сўнг мамлакат энергетика объектларига зарбаларни 5 кунга тўхтатганини эълон қилган эди. Бироқ Теҳрон АҚШ билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаётганини даъво қилмоқда.

Шу билан бирга, айрим манбалар, жумладан ОАВлар, Мужтабо Хоманаий АҚШ билан музокараларга розилик билдирганини ёзмоқда. Бу розилик гўёки Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи орқали етказилган.

Умуман олганда, вазиятда қарама-қарши баёнотлар мавжуд: АҚШ музокаралар бўлаётганини айтмоқда, Эрон эса буни инкор қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг