АҚШ Эроннинг эҳтимолий ҳужумига тайёр – Пентагон
Олам
−
14 Август
5313АҚШ Мудофаа вазирлиги Яқин Шарқдаги вазият “жуда жиддий” экани, аммо АҚШ Эроннинг Исроилга қарши эҳтимолий ҳужумига “тайёр” эканини айтди. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер кундалик брифингда сўз очди.
У Эрон шу ҳафта Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигини таъкидлади.
“Улар қачон ҳужум қилишларини башорат қилишга ёки тахмин қилишга уринмайман, фақат шуни айтаманки, биз эҳтимолий ҳужумни жиддий қабул қилишимиз керак ва шундай қиламиз. Шунинг учун биз тайёр бўламиз”, дейди Райдер.
Унинг айтишича, АҚШ вазиятни юмшатиш, ўз кучларини ҳимоя қилиш ва Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлашга интилмоқда. Райдернинг таъкидлашича, минтақада ҳеч ким “қарама-қаршилик кучайишини ва мавжуд вазият минтақавий можарога айланиб кетишини истамайди”.
Пентагон воизининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар “кенгроқ минтақавий можарони тўхтатишга, Эрон ўч олиш ва потенциал катта куч ишлатиш билан таҳдид қилаётган ўта кескин Яқин Шарқда минтақавий урушнинг олдини олишга ва Исроилни ҳимоя қилишга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда”.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қўшма Штатлар Исроилга 20 миллиард доллардан ортиқ қўшимча қуроллар – 50 га яқин F-15 қирувчи самолётлари ва 33 минг ўқ-дорилар экспортини маъқуллаганди.