АҚШ Эроннинг Бандар-Аббосдаги энг муҳим портини яккалаб қўйди
World
−
19 July 5145 2 minutes
АҚШ Эроннинг Бандар-Аббосдаги энг муҳим портини бошқа ҳудудлардан узиб қўйди . Кечадан бери Эроннинг Ҳормозган вилоятидаги кўприк ва йўлларга берилаётган ҳаво зарбалари Америка ҳарбийларига Бандар-Аббос шаҳрига кириш йўлларини тўсиб қўйиш имконини берди. Ушбу шаҳарда Эроннинг контейнер ташувчи кемалар учун мўлжалланган энг йирик порт терминали жойлашган. Бу ҳақда “The Telegraph” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, шаҳар Ҳормуз бўғозининг энг тор қисмидан 60 километр узоқликда жойлашган бўлиб, у орқали саноат ускуналари ва истеъмол товарлари таъминотининг 50 фоиздан ортиғи, шунингдек, хом нефть таъминотининг 90 фоиздан зиёди ўтади.
“Al Jazeera” телеканалининг маълумотларига кўра, шаҳарнинг жойлашуви Эрон расмийларига АҚШ санкцияларини айланиб ўтиш ва нефть экспорт қилишда ёрдам беради. Шунингдек, Бандар-Аббос атрофида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг бир нечта базаси, жумладан, Эрон Ҳарбий-денгиз кучларининг бош қароргоҳи жойлашган.
Бандар-Аббосни мамлакатнинг қолган қисми билан кўприклар ва темир йўл боғлаб турар эди — ҳозирда улар вайрон қилинган.
Қайд этилишича, кўприкларга берилган зарбалар АҚШ томонидан Женева конвенцияларининг бузилиши масаласини ўртага чиқармоқда.
Қайд этиш жоиз, АҚШ ҳарбийлари кетма-кет саккизинчи кун Эрон Ислом Республикасини бомбардимон қилмоқда. Бугун, 19 июлга ўтар кечаси тунда Эрон жанубидаги Ҳожиобод шаҳрига зарба берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Эрон жанубидаги сувни чучуклаштириш иншоотларига берган зарбаси 10 минг кишини сувдан маҳрум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All