АҚШ Эрондаги уруш фонида нефть бозорига ёрдам бермоқчи

Олам

image

АҚШ стратегик нефть захирасидан 172 миллион баррель нефтьни бозорга чиқаради. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазири Крис Райт маълум қилди.

АҚШ Энергетика вазирлиги Х ижтимоий тармоғида эълон қилишича, бу қарорни Президент Дональд Трамп тасдиқлаган.

Баёнотга кўра, нефть етказиб бериш келаси ҳафтадан бошланади ва тахминан 120 кун давом этади.

Аввалроқ, Халқаро энергетика агентлигига аъзо давлатлар ҳам жаҳон бозоридаги нархларни барқарорлаштириш мақсадида жами 400 миллион баррель нефтьни бозорга чиқаришга келишиб олган.

Крис Райтнинг таъкидлашича, кейинги бир йил давомида АҚШ стратегик захираларни тўлдириш учун тахминан 200 миллион баррель нефть сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу чиқарилган ҳажмдан тахминан 20 фоизга кўпдир.

Нефть нархларининг ошишига АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаронинг кескинлашуви сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, Эрон амалда Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйган. Бу бўғоз Форс кўрфази давлатларидан нефть, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган табиий газ ташишдаги асосий йўл ҳисобланади. Жаҳон нефть таъминотининг тахминан 20 фоизи шу йўл орқали амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 март куни Ҳормуз бўғози ҳудудида учта фуқаролик кемаси ўққа тутилганди. Таиланд байроғи остида сузувчи “Mayuree Naree” қуруқ юк кемасида отишма оқибатида ёнғин юзага келган. Экипажнинг 23 нафар аъзоси Уммон Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан эвакуация қилинган. Кема БААнинг Халифа портидан йўлга чиққан бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон нефть

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг