Биз энди Украинага текинга қурол-яроғ бермаймиз – Рубио

Олам

image

Эндиликда Қўшма Штатлар Украинага қурол-аслаҳани бепулга тақдим этишни тўхтатган. Бу ҳақда кеча, 18 август куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио “Fox News” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Биз энди Украинага қурол бермаймиз. Биз энди Украинага пул бермаймиз. Энди биз унга қурол сотяпмиз, Европа давлатлари эса НАТО орқали бунинг учун пул тўлайди. Улар НАТОни қурол сотиб олиш ва уни Украинага етказиб беришда ишлатмоқда. Бу бир неча йил аввал, масалан, Байден маъмурияти даврида урушга ёндашувдан жиддий фарқ қилади”, дейди у.

Рубио АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украина Президенти ва Европа Иттифоқи давлатлари етакчилари билан Оқ уйда ўтказган учрашув натижаларини шарҳлар экан, “уч йиллик боши берк кўча ва сукутдан сўнг илк марта бирор ҳаракат сезилди”, дея таъкидлаган.

Шунингдек, у хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқишда нафақат Европа Иттифоқидагилар, балки Европа Иттифоқига кирмайдиган давлатлар ҳам қатнашишини қайд этган.

“Financial Times” маълумотига кўра, Оқ уй музокаралари якунида Украина Европа иттифоқчилари ҳисобидан 100 миллиард долларлик АҚШ қуролини харид қилишга ваъда берган. Бундан ташқари, Киев ва Вашингтон 50 миллиард долларлик алоҳида келишув доирасида украиналик компаниялар билан биргаликда учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский Оқ уйда Дональд Трамп билан Россия можаро бўйича музокара ўтказгани ва музокараларда Европа етакчилари ҳам қатнашгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина қурол-яроғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг