АҚШ элчиси Ўзбекистон ва Қирғизистонга Бобомурод Абдуллаев масаласида мурожаат қилди
Жамият
−
13 Август 2020
19754Аввалроқ, журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўрови билан Қирғизистонда ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Бош прокуратураси берган маълумотга кўра, уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласи кўриляпти.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олинишига муносабат билдирди.
“Мен Қирғизистон Ҳукумати Ўзбекистон Ҳукумати талаби билан ўзбек журналисти Бобомурод Абдуллаевнинг қамоққа олинишидан хавотирдаман. Биз унинг ишини диққат билан кузатяпмиз”, дейди элчи Розенблюм.
Дипломат Қирғизистон ва Ўзбекистон Ҳукуматлари Абдуллаевнинг ҳаракатланиш эркинлигини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлаган.
“Қирғизистон ва Ўзбекистон Ҳукуматлари жаноб Абдуллаевга Қирғиз Республикасидан ўзи истаган жойга чиқиб кетишига қўйиб бериши керак”, дейди Даниэль Розенблюм.
Элчи ОАВ эркинлигини таъминлаш муҳимлигини, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бу борада бот-бот гапиришини эслатиб ўтган.
“Президент Мирзиёев ўтган йили Конституция кунидаги нутқида ва ундан кейин ҳам кўп бор ОАВ эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқлари тўғрисида чиройли гапирганди. АҚШ мустақил ОАВ демократиянинг тўғри амал қилиши учун муҳим дея ишонади”, деган Даниэль Розенблюм сўзи сўнгида.
Маълумот учун, журналист Бобомурод Абдуллаев 2017 йил сентябрда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-банди, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституцион тизимига қарши тажоввузда айбланиб ҳибсга олинганди.
Узоқ давом этган тергов ва суд ишидан сўнг, айбланувчи Бобомурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-банди билан айбдор, деб топилган ва унга 3 йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, Абдуллаевнинг иш ҳақидан 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолиниши белгилаб қўйилган. Абдуллаев 221 кун ҳибсда сақланганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу муддат жазо муддатидан чиқариб ташланди. Шундан кейин Бобомурод Абдуллаевни назорат қилиш унинг ўзи яшаб турган Тошкент шаҳридаги Яккасарой ИИБга топширилган.
LiveБарчаси