АҚШ элчиси Россия ТИВга чақиртирилди
Олам
−
24 Июнь
11667АҚШнинг Москвадаги элчиси Лин Трейси Севастополга ракета ҳужуми муносабати билан Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда Россия ТИВ хабар берди.
“24 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазирлигида АҚШнинг Россиядаги дипломатик миссияси раҳбари Трейси билан суҳбат чоғида унга Вашингтон ҳомийлик қилган ва қуролланган Киев режимининг янги қонли жинояти муносабати билан демарш берилди”, дейилади хабарда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатларни “Россияга қарши гибрид уруш олиб бораётганликда” айблади. Россия дипломатик хизмати маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар амалда “Украинадаги можаро тарафига айланган”.
“Украина Қуролли кучларини энг замонавий қуроллар, шу жумладан Севастополь аҳолисига қарши ишлатиладиган кассетали каллакларга эга ATACAMS ракеталари билан таъминлаб, нишонга олиш ва парвоз миссияларини амалга ошириб, америкалик ҳарбий мутахассислар ушбу ваҳшийлик учун тенг жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар”, дейилади баёнотда.
Элчига Вашингтоннинг Украина расмийларига Россия ҳудудига чуқур зарба беришга рухсат бергани жазосиз қолмаслиги айтилган.
“Жавоб чоралариz, албатта, амалга оширилади”, дея таъкидлади Россия ТИВ.
Эслатиб ўтамиз, Украина Қуролли кучлари кеча, 23 июнь куни Қримдаги Россия томонидан аннексия қилинган Севастополь шаҳрига ракета зарбаси берганди. Россия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучлари Севастополга “АҚШ томонидан етказиб берилган, кассетали каллаклар билан жиҳозланган бешта ATACAMS оператив-тактик ракеталари” билан ҳужум қилганини тасдиқлади.
LiveБарчаси