АҚШ элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди
Жамият
−
22 Декабрь 2023
26464Аввалроқ, АҚШга турли йўллар билан борган 119 нафар Ўзбекистон фуқароси ортга қайтарилганди. Америка Қўшма Штатлари мамлакатга ноқонуний кирган Ўзбекистон фуқароларини у ердан олиб чиқишда ёрдам бергани маълум бўлди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасининг расмий сайтида маълум қилинди.
“АҚШ-Мексика чегараси орқали Қўшма Штатларга ноқонуний миграция хавфли ва қимматдир. Биз бундай ҳаракатларни кескин қоралаймиз ва ўзбекистонликларни одамларга товар сифатида қарайдиган жиноий контрабандачиларнинг ёлғонлари қурбони бўлиб қолмасликка чақирамиз. АҚШ чегаралари ноқонуний миграция учун очиқ эмас. Биз Ўзбекистон фуқароларини Қўшма Штатларга сафар қилишда хавфсиз ва қонуний йўлдан фойдаланиши тарафдоримиз”, дейилади элчихона баёнотида.
Элчихона расмийси Вашингтон АҚШда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш учун Тошкент билан яқиндан иш олиб бораётганини қайд этган.
“Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидан чиқариб юборилиши шарт бўлган фуқароларининг ўз мамлакатига қайтишини осонлаштириш бўйича йўлга қўйган ҳамкорлиги унинг халқаро мажбуриятларга содиқлигини кўрсатади”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Байден-Ҳаррис маъмурияти муҳожирларнинг АҚШга қонуний кириши учун хавфсиз ва тартибли йўлларни кенгайтириш учун муҳим қадамлар қўйгани эслатиб ўтилган. Хавфсиз ва қонуний йўллардан фойдаланиш, жумладан грин карта дастури орқали бориш, одамларга АҚШ иммиграция қонунларига риоя қилган ҳолда Қўшма Штатларда яшаш ва ишлаш имкониятларини таклиф этиши билдирилган.
“АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахслар унга камида беш йил давомида қонуний равишда қайта киришлари тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берувчи оила аъзолари ва бошқа кишилар ҳам доимий равишда АҚШ визаси олиш ҳуқуқига эга эмас деб топилиши мумкин”, деб огоҳлантиради АҚШ элчихонаси.
Баёнотда Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган барча ноқонуний кирувчилар ва фуқаролиги бўлмаганлар иммиграция қонунчилиги (Title 8) ваколати остида тезда мамлакатдан чиқариб юборилиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ноқонуний йўллар, хусусан Мексика чегараси орқали АҚШ чегарасини босиб кирмоқчи бўлган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқиб, улар қўйиб юборилмаслиги, аксинча, иммиграция иши ҳал қилингунга қадар ҳибсда сақланишини маълум қилганди. “Fox News” телеканали эса АҚШ чегара хизматидаги манбага таяниб 18 декабрь куни Мексикадан бир кун ичида рекорд даражада кўп (12,6 мингдан ортиқ) одам АҚШ билан чегарани кесиб ўтишга уринганини хабар қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь