АҚШ элчихонаси Green Card ютганларни огоҳлантирди
Жамият
−
06 Сентябрь 2023
15287Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси Green Card'да ғолиб бўлган мурожаатчиларни огоҳлантирди. Бу ҳақда элчихонанинг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бутун дунё бўйлаб, йиллик белгиланган 55 мингталик визалар лимити тўлганидан сўнг, барча АҚШ элчихоналари Diversity Visa (DV – Green Card) дастури бўйича виза беришни тўхтатади.
“Тошкентда ушбу ойда бўлажак виза суҳбати куни белгиланган мурожаатчилар, виза ололмасликлари мумкин. Виза учун талаб этилган ҳужжатлари мавжуд эмаслигидан хабардор мурожаатчилар, виза суҳбатига келишдан (ва қайтариб берилмайдиган виза учун тўловни амалга оширишдан) аввал ўйлаб кўришларини сўраймиз. Чунки виза бўйича мурожаатни кўриб чиқиб, уни якунлаш учун етарлича вақт қолмаслиги мумкин”, дейилади хабарда.
Бироқ пойтахтдаги АҚШ элчихонаси дунё бўйлаб белгиланган виза сонлари чеклови қамраб олингунига қадар, DV визаларини тақдим этишни давом эттиради. Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар 3,1 минг нафардан ортиқ виза мурожаатчилари билан суҳбат олиб борилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон фуқаролари Америка Қўшма Штатлари визасини рад этиш фоизи юқорироқ бўлганлар сафида эканлиги маълум бўлганди. Хусусан, 2022 йилда ўзбекистонликларнинг 47 фоизи АҚШ визасини қўлга кирита олмаган.
LiveБарчаси