АҚШ эътиборини Украина урушидан Тайванга қаратиши мумкин – ОАВ

Олам

image

Тайвань атрофидаги вазиятнинг эҳтимолий кескинлашиши АҚШ расмийларини Украинадаги можаро ҳақида унутиб, эътиборини ушбу минтақага қаратишига сабаб бўлиши мумкин. Европанинг юқори мартабали дипломатларидан бири шундай фикр билдирди, деб хабар бермоқда “Politico”.

“Энг ёмон сценарийда, АҚШ ўз эътиборини Украинадан Хитой билан Тайвань кескинлигига қаратади”, деган дипломат.

Дипломатик доиралар вакили, шунингдек, орол атрофидаги вазият НАТОда хавотир уйғотмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у Европа етакчилари вазиятни диққат билан кузатиб боришини қўшимча қилган. Уларнинг фикрича, Вашингтон ва Пекин ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши эҳтимоли бор.

Вашингтон ва Пекин муносабатларидаги Тайвань масаласи Украинадаги вазият фонида алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Хитой тарихий ва сиёсий сабабларга кўра Қўшма Штатлардан унинг ички ишларига аралашмасликни талаб қилмоқда. Вашингтон “ягона Хитой тамойили”га расман риоя қилиб, Тайпей билан дипломатик алоқаларга эга эмас. Бироқ шунга қарамай нафақат орол билан алоқаларни сақлаб қолган, балки у ерга мунтазам равишда қурол етказиб беради.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Осиёга сафари чоғида Хитой ўз ҳудуди деб ҳисобловчи Тайванга ҳам бориши мумкинлиги Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яна кескинлашишига сабаб бўляпти. Хитой томони бундай ҳаракатлардан тийилишга чақириб, огоҳлантириш билан чиқди.

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган. 

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

189

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг